Нидерландия парламенти Иккинчи Жаҳон Урушидан бери биринчи марта комендантлик соатини жорий этди

Нидерландия парламенти ҳукуматнинг мамлакатда вақтинчалик комендантлик соатини жорий этиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Ушбу чора 23 январь куни кучга киради. Комендантлик соати маҳаллий вақт билан 21:00 дан 04:30 гача амал қилади. Ушбу даврда одамларга кўчаларда фақат алоҳида ҳолатларда ҳаракатланиш ҳуқуқи берилади. Ишга борадиган фуқаролар иш берувчиси томонидан имзоланган махсус рухсатномага эга бўлишлари керак. Итларни кўчада сайр қилдиришга рухсат берилади, лекин фақат битта оила аъзосига. Кечаси шошилинч хизматлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни уйга етказиб бериш хизматлари ўз фаолиятларини давом эттириши мумкин. Бу Иккинчи Жаҳон Урушидан бери биринчи марта мамлакатда комендантлик соатининг жорий қилиниши. Қоидани бузганлик учун 95 евро миқдорида жарима солинади. — ТАСС.

Японияда ўз жонига қасд қилишлар сони 10 йилдан ортиқ вақт ичида илк бор ошди

Японияда ўз жонига қасд қилиш даражаси 2020 йилда коронавирус пандемияси шароитида ошди. Маълумотларга кўра, 2020 йилда Япониянинг 20 919 фуқароси ўз жонига қасд қилди, бу 2019 йилга нисбатан 3,7 фоизга кўпдир. Шу давр мобайнида коронавирусдан 3460 киши вафот этган. Аёллар ва болалар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражасининг сезиларли ўсиши қайд этилди. 2020 йилнинг дастлабки саккиз ойида 300 дан ортиқ мактаб ўқувчилари ўз жонига қасд қилишга уриниш натижасида вафот этди, бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга кўпдир. ОAВ маълумотларига кўра, Японияда ўз жонига қасд қилишнинг энг юқори даражаси 2003 йилда кузатилган (тахминан 34 минг ҳолат). — The Japan Times.

Рио-де-Жанейрода карнавал бекор қилинди

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри раҳбари Эдуардо Паес коронавирус пандемияси сабабли бу йил машҳур карнавалдан воз кечиш тўғрисидаги қарорни эълон қилди. «Мен ҳеч қачон карнавалга бўлган эҳтиросимни яширмаганман ва бу маданий тадбирнинг шаҳримиз учун иқтисодий аҳамиятини тушунаман. Aммо ҳозир, менимча, июль ойида карнавални ташкил қилишимиз ақл бовар қилмас ишга ўхшайди» — деди Паес ва шундай деб қўшимча қилди: «Ушбу байрам давлат идоралари, уюшмалар ва самба муассасаларидан катта тайёргарликни талаб қилади. Айни пайтда ҳамма нарсани тартибга солиш мумкин эмас. Шундай қилиб, шуни маълум қилмоқчиманки, 2021 йил ўрталарида бизда карнавал бўлмайди». — Эдуардо Паеснинг Twitter’даги саҳифасида.

Буюк Британияда ўз-ўзини яккалаганларга пул тўланиши мумкин

Буюк Британия ҳукумати фуқароларда коронавирус аниқланган бўлса ва улар уйда ўз-ўзини яккалашса уларга пул тўлашни таклиф қилмоқдалар. Расмийларнинг таъкидлашича, фуқароларнинг кўпчилиги карантин қоидаларига риоя қилмайди ҳамда касаликка тест топширишдан қочмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси ҳали тасдиқланмаган. Ушбу тўлов ойига берилади ва 500 фунт стерлингни (685 доллар) ташкил этади. Aйни пайтда фақат энг кам даромад топадиган одамлар моддий ёрдам олишади. Лойиҳа учун ҳукумат томонидан тахминан 2 млрд фунт стерлинг сарфланиши кўзда тутилган. — The Guardian.

Ироқда бир гуруҳ амалдорлар Бағдоддаги воқеадан кейин ишдан олинди

Ироқ бош вазири Мустафо ал-Казимий Боғдоддаги йирик терактдан сўнг мамлакат хавфсизлик идораларининг қатор раҳбарларини лавозимларидан озод қилди. Ҳукумат бошлиғининг фармони билан Пойтахт разведка ва хавфсизлик бошқармаси директори, федерал полиция бошлиғи, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги разведка ва терроризмга қарши хизмат директори ва мамлакат ички ишлар вазирининг разведка бўйича ўринбосари ишдан бўшатилди. 21 январь куни Боғдодда содир этилган портлашда ҳалок бўлганлар сони энг камида 32 нафар, жароҳатланган эса 110 нафарга етди. — ТАСС.