Сардоба фожеасида зарар кўрган масжидларни тиклаш учун хайрия гуруҳи очганлар пулларни Суриядаги террорчилик ташкилотига жўнатганлиги аниқланди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, 2 нафар фуқаро Россияда ишлаш давомида радикал гуруҳлар таъсирига тушиб, Ўзбекистонга қайтиб келганларидан сўнг аҳоли орасида экстремистик ғояларни тарғиб қилган.

Улар ижтимоий тармоқларда халқаро террорчилик ташкилотларининг ғоявий раҳномаларининг маърузаларини ҳам тарқатиб келишган.

Бундан ташқари, Сурияда давом этаётган қуролли тўқнашувларда иштирок этувчи террорчилик гуруҳларини молиялаштириш билан шуғуллангани гумон қилинмоқда.

ИИБ хабарига кўра, гуруҳ етакчилари Сардоба сув омбори билан боғлиқ сув тошқини оқибатида зарар кўрган масжидларнинг қайта қурилишига моддий кўмак сифатида «Telegram» да хайрия гуруҳи очган ва банк пластик картасига туширилган маблағларни Сурияга жўнатган.

Қўлга олинганлардан баъзилари карантин чекловлари бекор қилингач, Сурияга чиқиб кетишни режалаштириш мақсадида ушбу мамлакат ҳудудидаги маслакдошлари билан алоқада бўлганлиги айтилмоқда.

Ҳозирда гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинган ва ЖКнинг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов-суриштирув ишлар давом эттирилмоқда.