Марказий банкнинг маълумотларига кўра, 1 январь ҳолати бўйича Ўзбекистон расмий захира активлари 34,9 млрд долларни, халқаро захиралари эса 33,8 млрд долларни ташкил қилмоқда.

Олтин-валюта захиралари 2021 йил бошланганидан бери бирданига ошди. 2020 йил охирида захиралар кетма-кет бир неча ой давомида камайган эди. 2020 йил 1 декабрь ҳолатига кўра расмий захира активлари 32,9 млрд долларни ташкил қилаётган эди.

2020 йил куз фаслига келиб Ўзбекистон захирадаги олтинларни сотишни тўхтатди. Ҳозирда захирадаги олтин миқдори 332,8 тоннага тенг. Маълумот учун, декабрь ойида бу кўрсаткич 323,4 тоннага тенг эди.

Олтин-валюта захиралари мамлакат учун «ҳимоя ёстиқчаси» ҳисобланади. Ўзбекистоннинг амалдаги захиралари 20 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли ҳисобланади.

Халқаро ташкилотлар ривожланаётган давлатларга 3 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли захираларни сақлашни тавсия қилган.