Президент 20 январь куни «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида"ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қонун билан маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи органларнинг ваколатлари белгиланди.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси мазкур соҳада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди ҳамда давлат бошқаруви органларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Ҳужжатга кўра, ҳар бир шахс маданий фаолият соҳасида мулк ҳуқуқига эга.

Мулк ҳуқуқи тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган ашёларга, шунингдек моддий маданий мерос объектларига нисбатан татбиқ этилиши мумкин.

Маданият ташкилотлари маданий фаолиятнинг турларига қараб қуйидаги тоифаларга бўлинади:

  • маданий-томоша ташкилотлари;
  • маданий-маърифий ташкилотлар;
  • бошқа маданият ташкилотлари.

Маданият ташкилотлари мулкдор ёки у вакил қилган шахс томонидан ёхуд ваколатли органнинг фармойиши асосида ташкил этилади.

Давлат маданият муассасаларига ва ташкилотларига маданият ҳамда санъат соҳасида эришган ютуқлари учун Ҳукумат тақдимномасига биноан президент томонидан «Миллий» ёки «Академик» мақоми берилиши мумкин.

Давлат маданият муассасалари ва ташкилотларининг аттестацияси уч йилда бир марта ўтказилади. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради

Аввалроқ. Маданият вазири Озодбек Назарбеков, «Авваллари бу соҳада якдил, унинг ҳамма йўналишларини қамраб олувчи қонун даражасидаги ҳужжат бўлмаган. Маданият соҳасидаги фаолиятлар 29 йил давомида қонуности ҳужжатлар билан тартибга солиб келинди», — дея фикр билдирган эди.