Вашингтонда 20 январь куни АҚШнинг 46-президенти Жозеф Байден ва 49-вице-президенти Камала Харриснинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолда, унда чекланган миқдордаги меҳмонлар — тахминан 1000 киши иштирок этди, дея хабар берди Америка ОАВ. Одатда, тадбирга 200 мингга яқин таклифнома тарқатилар эди.Камала Харрис. Жонли эфирдан лавҳа.

Маросим иштирокчилари орасида АҚШнинг учта собиқ президенти — Барак Обама, кичик Жорж Буш ва Билл Клинтон ҳам бор эди. Янги президент ва вице-президент қасамёд қилган Капитолий балконида Доналд Трамп даврида вице-президент бўлган Майк Пенс ҳам бор эди. Собиқ президентнинг ўзи инаугурация олдидан Флорида штатига учиб кетган.

Леди Гага. NBC News эфирида.

Маросим олдидан Қўшма Штатлар мадҳиясини Леди Гага ижро этди. Шунингдек, Женнифер Лопес This Land Is Your Land ва America the Beautiful қўшиқларидан парчалар ҳамда ўз ижросидаги Let’s Get Loud хит қўшиғидан қисқача хиргойи қилди.

Женнифер Лопес. NBC News эфирида.

Жо Байден ўз оиласи 128 йилдан бери (1893 йилдан бери) эгалик қилиб келаётган Инжилга қўлини қўйган ҳолда қасамёд қабул қилди.

У ўзининг АҚШ президенти сифатидаги биринчи ва 21 дақиқа давом этган нутқини қуйидаги сўзлар билан бошлади: «Бу Америка кунидир. Бу демократия кунидир». «Америка яна синовдан ўтказилди ва Америка чақириқни қабул қилиб олди», — дея қўшимча қилди у.

«Бугун биз номзоднинг эмас, ғоянинг, демократия ғоясининг ғалабасини нишонламоқдамиз. Халқ, халқ иродасига қулоқ тутилди… Биз демократиянинг қимматбаҳо эканини яна бир бор англаб етдик. Демократия мўрт нарса. Ва бу соатда, дўстларим, демократия ғалаба қозонди», — дея таъкидлади Жо Байден.

У ўз нутқида бирор марта ҳам собиқ президентнинг номини тилга олмади, бироқ унинг америкаликларни «бўлиб ташлаган» ҳаракат ва қарорларига ишора қилинди.

Жо Байден яқинда Капитолийга қилинган ҳужумни эсга олиб, ҳозир «икки юз йилдан зиёд муддатдан буён давом этиб келаётганидек, ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш» учун «бир миллат сифатида бирлашдик», — деди.

«Америка тарихи орамиздан кимгадир эмас, балки барчамизга боғлиқ», — деди янги президент.

У бир неча марта «якдиллик» сўзини қўллар экан, унинг ушбу мураккат вазиятда давлат учун зарур эканлигига урғу берди: «Кўп нарсаларни ўнглаш, кўп нарсаларни тиклаш, кўпларни даволаш, кўп нарсаларни қуриш ва кўп нарсаларга эришиш керак».

Жо Байден «бир йил ичида бутун Америка Иккинчи Жаҳон Урушида қанча бой берган бўлса, шунча одамнинг ҳаётига зомин бўлган» коронавирус пандемиясига ҳам эътибор қаратди. «Миллионлаб иш ўринлари йўқотилди. Юз минглаб корхоналар ёпилди».

Бошқа муаммолар қаторида у ирқий адолатсизлик, иқлим ўзгариши («сайёра тирик қолиш учун нола қилмоқда»), («биз қарши туришимиз керак бўлган ва биз ғалаба қозонадиган») сиёсий экстремизм, оқ танлиларнинг устунлиги ва ички терроризмнинг кучайиши масалаларига тўхталиб ўтди.

«Мазкур муаммоларни бартараф этиш, қалбларни қайта тиклаш ва Америка келажагини таъминлаш қуруқ гапдан кўра кўпроқ нарсани талаб қилади. Бунинг учун демократияда энг қийин нарса — якдиллик керак. Бирдамлик», — деди ва шундай деб қўшимча қилди: «якдиллик Американи яна дунёдаги етакчи кучга айлантиради».

Жо Байденнинг таъкидлашича, кўплаб америкаликлар уни қўллаб-қувватламаслиги мумкин, аммо бу адоват ва вайронагарчилик учун сабаб бўлмаслиги керак: «Келинг, барчамиз қайтадан бошлайлик. Келинг, яна бир-биримизни тинглашни, эшитишни, кўришни, ҳурмат кўрсатишни бошлаймиз».

У «фактларнинг ўзи манипуляция қилинадиган ва ҳатто тўқиб чиқариладиган» маданиятдан воз кечишга чақирди. «Азиз америкаликларим, биз бундай бўлишимиз керак эмас. Америка бундан яхшироқ бўлиши керак», — деди президент.

«Кимдир гапларимга қўшилмаса, шундай бўла қолсин. Бу — демократия. Бу — Америка», — деди Жо Байден. У барча америкаликларнинг президенти бўлишга ва уни қўллаб-қувватлаганлар учун курашишга ваъда берди.

Жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилган Жо Байден шундай деди: «Америка синовларни бошидан ўтказди ва янада кучлироқ бўлди». У АҚШ бошқа давлатлар билан иттифоқчилигини ва дунё билан алоқаларини қайта ривожлантиришига ишонч билдирди. «Биз иттифоқчиларимиз билан тинчлик, тараққиёт ва хавфсизлик йўлида кучли ва ишончли бўламиз».

У якунловчи нутқида барчани коронавирусдан вафот этган 400 мингдан зиёд америкаликлар хотираси учун бир дақиқалик сукут сақлашга чақирди.