Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро туманидаги «Бухоро Варнет» корхонаси фаолияти билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

«Президент 2019 йилда бу ерга келганида иш энди бошланган эди. Ҳозирги кунда у замонавий агросаноат мажмуасига айланмоқда», — дейилади хабарда.

Корхона лойиҳанинг умумий қиймати 120 млн доллардан зиёдни ташкил қилган бўлиб, маблағнинг ҳаммасини тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ташкил этади. Бугунги кунгача 10 млн доллар ташқи инвестиция ўзлаштирилиб, 13 гектар майдонда иссиқхона қуриб битказилди, 260 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Яна 17 гектарда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Корхона учун қарийб 113 гектар ер ажратилган. Ўтган йили қарийб 20 млрд сўмлик маҳсулот етиштирилиб, 1 млн долларлик экспорт қилинган. Жорий йилда 26 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниши режалаштирилган.

Президент 2020 йил 12 декабрь куни Хоразм вилоятида бўлганида йирик иссиқхоналар ҳузурида ўқув маркази очиб, шу йўналишга қизиққан тадбиркорлар ва ёшларни тайёрлаш кераклигини таъкидлаган эди. Давлат раҳбари «Бухоро Варнет» корхонасида ташкил этилган шундай марказни кириб кўрди.

Шу ерда 2021 йил учун Бухоро вилоятида аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш бўйича тақдимот ўтказилди.