ДХХ ва Бош прокуратура департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ер участкаларини ноқонуний йўл билан расмийлаштириб бермоқчи бўлган фуқаро пора олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон24» телеканали хабар берди.

Хабарга кўра, Қибрай туманидаги тадбиркорлардан бири Тошкент вилоятидаги бир нечта қўшни туманлар ҳокимликларига боғдорчилик ва чорва молларига яйлов учун ер ажратишни сўраб, мурожаат қилади, лекин унга рад жавоби берилади.

Чорвачиликка ихтисослашган «Asian milk best» корхонаси раҳбари фуқаро Қ.Т. буни эшитиб, Қуйичирчиқ туманидаги ўз корхонасига тегишли 360 га суғориладиган ерларни тадбиркор номига ўтказиб беришни таклиф қилади.

Бундан ташқари, у ушбу туман ҳокимияти захирасида бўлган ва норасмий тарзда фойдаланиладиган 100 га ерни ҳам расмийлаштиришни таклиф этади.

Бунинг эвазига Қ.Т. тадбиркордан 3,7 млн АҚШ доллари сўрайди. Шунингдек, барча керакли ҳужжатларни расмийлаштириб берадиган туман ҳокимлиги мансабдор шахслари учун қўшимча 20 минг доллар талаб қилади.

Фуқаро Қ.Т. 3 млн 720 минг АҚШ долларини тадбиркордан олаётган вақтида ашёвий далил билан қўлган олинди.

Ҳозирда Қ.Т.га нисбатан Жиноят Кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 211 (пора бериш) моддалари билан жиноий иш очилган. Тергов ишлари олиб борилмоқда.