Ироқ пойтахти Боғдодда содир этилган портлашда ҳалок бўлганлар сони энг камида 32 нафар, жароҳатланган эса 110 нафарга етди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.

Полиция томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Таяран майдонида барпо этилган бозорда кетма-кет иккита портлаш содир этилган. Ироқ қуролли кучлари бош қўмондони матбуот котибининг маълум қилишича, ҳужум икки нафар худкуш террорчи хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан текширилаётган вақтда ўзларини портлатиб юборган.

CNN маълумотларига кўра, ҳужум қилганларнинг бири ўзини ёмон ҳис этаётгандек кўрсатиб, атрофида одамлар йиғилишини кутган. Иккинчиси эса ҳодиса жойига мотоциклда келиб, ўзига ўрнатилган портловчи ускунани ҳаракатга келтирган.

Ҳозирча ҳодиса учун жавобгарликни ҳеч қайси террористик гуруҳ ўз бўйнига олгани йўқ.