«Юксалиш» УМҲ раиси Бобур Бекмурадов давлат дастурлари ижросини мониторинг қилиш жараёнида ижро интизомига оид қатор камчиликлар мавжудлигига, жумладан, кўплаб белгиланган вазифалар кечикиб бажарилаёт ҳолат ҳақида маълум қилди.

«Масалан, 2020 йил давлат дастурининг 70 дан зиёд бандлари 1 ойдан 10 ойгача ижро муддати кечикиб бажарилган, 39 та банд бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлса-да, ўз вақтида қабул қилинмаган», — деди у.

Шунингдек, Бекмурадов вазирлик ва идоралар томонидан «бажарилган» деб ҳисобот берилган айрим вазифалар моҳиятан бажарилмаганлигини қўшимча қилди. Бунда тегишли чора-тадбирлар режалари ҳамда «Йўл харита"лари тасдиқланган бўлса-да, ушбу ҳужжатларнинг ижроси таъминланмай келинган.

Бундан ташқари, ижро муддати кечиктирилган ёки қўшимча ишланиши белгиланган ҳолда, вазирлик ва идоралар томонидан кечикиш сабаблари юзасидан жамоатчиликка тушунтириш берилмаётганлик ҳолатлари ҳам кузатилгани айтилди.

Ҳаракат раиси бу каби камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф билдирди.

«Шу сабабли „Юксалиш“ УМҲ февраль ойидан бошлаб давлат дастурлари ижросини барча учун онлайн кузатиб бориш имконини берувчи очиқ электрон платформани ишга туширишни режалаштирган. Шу билан биргаликда, ҳар ойнинг биринчи жума кунида Давлат дастури ижросига масъул ижрочи вазирлик ва идоралар масъуллари иштирокида брифинг ва жамоатчилик эшитувлари ўтказилиб борилади», — деди Бекмурадов.

Бундан ташқари, давлат дастури ижроси юзасидан ҳар чоракда муқобил ҳисоботлар кенг жамоатчиликка эълон қилиб бориш амалиёти ҳам жорий қилиниши таъкидланди.