Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида «Шавкат Миромонович Мирзиёев» оилавий корхонаси фаолият юритади, дея хабар берди Daryo.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига кўра, корхона 2020 йил 14 февраль куни Давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатга олинган. Маълумотларга кўра, устав фонди 1000 сўмни ташкил этади. Корхонанинг 50 фоизи улуши Шохруз Тошпўлатовга, қолган 50 фоизи Абдулла Тошевга тегишли бўлиб, асосий фаолият тури — овқатланишни ташкил қилишнинг бошқа турлари деб кўрсатилган.


Корхона раҳбари Абдулла Тошевнинг маълум қилишича, ҳозирда корхона ҳузуридаги ташкил этилган ошхона ва пайнет шохобчаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, корхона авиакасса, яъни туризм хизматларини кўрсатиш билан ҳам шуғулланади. Бироқ пандемия даврида бу йўналишдаги ишлар вақтинча тўхтаб қолган.

Абдулла Тошевнинг таъкидлашича, у ва унинг иш бўйича шериклари президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатдан қувониб, корхонага унинг номини қўйган.

«Бу номни беришдан олдин туманимизнинг собиқ ҳокими, раҳматли Аъзамхон ака Баҳромовдан маслаҳат сўраганимда, улар фикримга қўшилиб, қўллаб-қувватлаган», — дея қўшимча қилди Абдулла Тошев. Унинг таъкидлашича, корхонани «Шавкат Миромонович Мирзиёев» номи билан рўйхатдан ўтказишда давлат органлари томонидан ҳеч қандай эътироз ёки қаршилик бўлмаган.

«Аммо корхона фаолияти йўлга қўйилганидан сўнг бу ном кўпчиликда қизиқиш уйғотган, турли савол ва илиқ фикрлар билдирилган. Корхона номини баннерларга ёзиб, реклама сифатида бирор жойга илиб қўймаганмиз», — деди «Шавкат Миромонович Мирзиёев» оилавий корхонаси раҳбари.

Шунингдек, аввалроқ 2020 йил июнида Сурхондарёда «Вой Мани Окаҳонларим» номли, йирик шохли қорамолларнинг сут берадиган зотларини кўпайтириш билан шуғулланувчи оилавий корхона рўйхатдан ўтказилган эди. Кейинчалик корхона номи «Акбар Али Адолат» деб ўзгартирилган.

2020 йил майида эса Жиззах вилоятида «Вапше маладес бала» номли, кенг ассортиментдаги товарлар улгуржи савдоси бўйича агентлар фаолияти билан шуғулланувчи компания рўйхатдан ўтказилган.

Бундан аввал, 2019 йил августида Тошкентда «Любая бизнес хороша» номли масъулияти чекланган жамият ташкил этилган эди. Маълумотларга кўра, корхона маиший электр товарлар улгуржи савдоси билан шуғулланади.