Олий суд 2020 йилда мамлакатда кўрилган жиноят ишлари таҳлилига оид маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, ўтган йили судлар томонидан 38 149 нафар шахсга нисбатан 30 284 та иш кўриб чиқилган.

Судланган шахслар жами 27 999 нафарни ташкил этган:

  • бошқа турдаги жазолар тайинланди 19 838 нафар
  • озодликдан махрум қилинган — 7 110 нафар
  • шартли ҳукм қилинган — 1 051 нафар

Улар орасида эркалар — 24 972 киши, аёллар — 3 027 киши, ёшлар — 10 371 киши (499 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 60 ёшдан ошганлар — 908 кишини ташкил этган.

Маълум қилинишича, ўтган йили 781 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган.

Шунингдек, 3 434 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди, 21 970 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 6 959 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 5 958 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

222 нафар ёшларга, 37 нафар аёлга ва 1 024 нафар шахсга кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 8 266 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Етказилган 267,1 млрд сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 2 729 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. 6 681 та жиноят иши (22,1 фоизи) сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Олий суд ЖИБ судлов ҳайъати назорат тартибида 1 523 нафар шахсга нисбатан 1 214 та ишни кўриб чиққан. 969 кишига нисбатан қуйи судларнинг қарорлари бекор қилинган, 385 кишига нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.