19 январь куни олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов вазирлик марказий аппарати барча ходимларининг тўлиқ таркибдаги иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказди. Унда вазирлик фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича муҳим вазифалар жамоа иштирокида батафсил муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

«Вазирликдаги дастлабки уч кунлик фаолиятимдан келиб чиқиб, қисқача хулосамни айтадиган бўлсам, афсуски, таассуротлар кишини хурсанд қилмайди. Жамоада эркин ва ижодий муҳит йўқдай, ходимлар ҳорғин ва ташаббус кўрсатмайди. Сабаби иш тартиби тўғри ташкил этилмаган», — деди вазир.

У инсон ресурслари нотўғри тасарруф қилинаётганлигига тўхталди. «Ходимлар ишда кўп вақт қолиб кетиши натижасида жисмонан ва руҳан чарчаган кўринади. Оиласига, фарзандлар тарбиясига эътибор қаратишга улгурмаса керак. Ходимларга, аввало, иш жойида эркин ишлаш, ижодий фикрлаш, қолаверса дам олиш учун қулай шароит яратиб бериш ва ундан кейин иш унумдорлигини талаб қилиш мумкин».

Вазир йиғилишда айрим структуралар фаолиятига ҳам тўхталиб, уларнинг қониқарсиз фаолият юритаётгани, бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини қайд этди. Бундан буён ҳар бир бошқарма ва бўлим фаолияти натижадорлиги мониторинг қилиниши, самарали фаолият юритган мутахассислар муносиб тақдирланиши, аксинча ўз функционал вазифаларини бажармайдиган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши айтилди.

Шунингдек, учрашувда бошқарувда ва ахборот алмашишда замонавий АКТ имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлиги, ОТМларга юборилаётган топшириқларни мувофиқлаштириш, бир-бирини такрорлайдиган вазифаларни қисқартириш, ижро интизомига қатъий риоя қилиш лозимлиги айтиб ўтилди.

«Бугундан бошлаб жамоа янгича иш тартибига ўтсак: қоғозбозликни имкон қадар камайтириш, ортиқча мажлисбозликка чек қўйиш ва ўз ишимизга меҳр билан муносабатда бўлиб, ундан завқланиб ишлайлик», — деди Абдуқодир Тошқулов.

Таълим муассасалари билан ишлаш принципларида ҳам қайта кўриб чиқиладиган жиҳатлар мавжуд эканлигига эътибор қаратилди.

«Олдин тизимдаги раҳбарлар, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун етарли шарт-шароит яратишимиз, ундан кейингина улар олдига вазифаларни қўйсак, тўғри бўлади, — деди вазир.

Олдинроқ, президент Шавкат Мирзиёев янги олий таълим вазирини ўзи синаганлигини, унга кўплаб вазифалар юклаганини айтган эди.