15 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пойтахт туманлари ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, Юнусобод туманидаги маҳалла раислари ва ёшлар билан учрашув ўтказди. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, учрашувда маҳалла раислари ва ёшлар таклифлар билан чиқишган.

«Юнусобод» маҳалласи раисининг биринчи ўринбосари Нозима Муслимова президентнинг маҳалла раисларига ҳурмат кўрсатаётганлигини эътироф этди.

«Маърузангизда ва талабларингизда бош вазирдан тортиб вазирлар, банк раҳбарлари билан қаттиқ гаплашяпсиз, бизга келганда эса, бизларни аяяпсиз», — деди у. Учрашувдагилар кулиб, қарсак чалиб юборди.

Нозима Муслимова солиқ органлари ва банк раҳбарларининг ташрифи билан туманлардаги муаммоларни ечиб бўлмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, маҳалла раислари ўз ишларини қайта кўриб чиқишлари керак. Бундан ташқари, маҳалла қўмиталари ходимлари турли соҳаларда ўз малакаларини ошириши учун курслар ташкил этиш кераклиги айтилди. Чунки, уй бекаларини тадбиркорликка жалб қилишга маҳалла ходимларининг малакаси ва билимлари етишмаслиги мумкин.

«Юнусобод» маҳалласи ходими мамлакатда ажрашишлар сони юқорилигини таъкидлади. У никоҳ тузилганидан кейин ажрашишни 2−3 йилга қонун билан чеклашни таклиф этди, чунки бир йил ичида кўплар ажрашиб кетяпти, деди у.

Унинг иккинчи таклифи турли хил телеканаллардаги дастурлар билан боғлиқ эди. Нозима Муслимова болалигида телевидениеда цензура бўлганлигини, ҳозир эса кўплаб дастурларни оила даврасида кўриб бўлмаслигини таъкидлади.

«Ёшларнинг савиясини, маънавиятини оширадиган дастурлар кам. Ҳаммаси ошпазликка, қайнона ва келинга бағишланган, „Олов келин“ дастури бор. Шу даражага келдикки, ҳозир ўзбек менталитетига умуман тўғри келмайдиган Yor-Yor дастури бор. Қизлар келади, ўзини таклиф қилади, йигитлар ўтириб томоша қилишади, кейин ўзининг фикрини бераркан: оладими, совчиликка борадими ёки бормайдими», — деди у.


Zo’r TV каналидаги Yor-Yor дастуридан лавҳа.

Иштирокчилар кулгуси остида президент дастур қайси каналда чиқишини сўради.

Нозима Муслимова Yor-yor дастури Sevimli TV ёки Zo’r TV телеканалида чиқишини айтди. Президент ёнида ўтирган Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев дастур Zo’r TV да чиқмаслигини айтди (аслида, дастур Zo’r TV телеканалида чиқади — таҳр.). Иштирокчилар кулиб юборди ва қарсак чалди.

Президент муносабати

Шавкат Мирзиёев ажрашишлар Ўзбекистон урф-одатларига ярашмаслигини, «маданият ва шукроналик» етишмаслигини, кўплаб ёшлар дунёга «енгил» қарашётганлигини таъкидлади. Лекин ажрашишларни қонун билан чеклаб қўйиш «қийин» бўлишини айтди.

Хусусий телеканаллардаги дастурларга тўхталиб, уларнинг ёпилиши билан муаммо ечилмаслигини таъкидлади.

«Буларнинг барчасининг тагида 20 йил билимга эътибор бермаганимиз… нега телевидениеда шуни кўрсатади? Нимага десангиз бошқа дастур қила оладиган одамларнинг ўзи йўқ. Ҳозир мен топшириқ берсам, дарров илгаригидек йўқ қилиб ташлайди. Лекин унинг ўрнига келадиган йўқ, бошқа кўрсатувни тайёрлайдиган одамларнинг ўзи йўқ», — деди у.

Президент маҳалла қўмиталари ходимларининг малакасини ошириш бўйича таклифни қўллаб-қувватлаб, «ҳозирги талабларга жавоб берадиган маҳалла раислари жуда кам"лигини таъкидлади ва шунинг учун уларни ўқитиш кераклигини айтди.

2020 йилнинг мартида Шавкат Мирзиёев ажрашишлар тўғрисида фикр билдирганди: у оддий маиший сабабларни деб шундай жиддий оқибатлар келиб чиқаётганлигига ачинишини ва муаммоли оилалардаги вазиятни ўрганиб, ижобий ҳал қилишга кўрсатма берган эди. Давлат раҳбари маҳаллаларда оилавий ҳаётга тайёрлаш учун қисқа муддатли курслар ташкил этишни ва уларга психологлар бириктирилиши кераклигини, ҳамда «Наъмунали оила» танлови ўтказилиши кераклигини айтган эди.