19 январь куни ўтказилган Халқ депутатлари Зафаробод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Жиззах вилояти Зафаробод туманига янги ҳоким тайинланди, дея хабар берди Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Зафаробод туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Иброҳим Қаршибоев бошқа лавозимга ўтганлиги муносабати билан, туман ҳокими лавозимига Раджапов Нодирбек Мухторович номзоди депутатлар томонидан маъқулланди.

Раджапов Нодирбек бунга қадар Жиззах вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Шунингдек, Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокими бўлиб ишлаб келган Холмуродов Комил бошқа ишга ўтиши муносабати билан Аҳмедов Шерзод Маликович янги ҳоким сифатида таништирилди.

Аҳмедов Шерзод 2016 йилдан буён «Агробанк» акциядорлик тижорат банкининг Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.