19 январь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Энергетика вазири Алишер Султонов келгуси 10 кунлик мобайнида ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетиши ҳақида огоҳлантирди.

«Ушбу ҳафтанинг охирига келиб, Ўзбекистонда совуқ об-ҳавонинг янги тўлқини нолдан паст ҳароратгача тушиши кутилмоқда. Биз вазиятдан яхши хабардормиз, муммоларни енгиллаштириш, уй-жойлар ва иш жойларининг барқарор энергия ва газ билан таъминлашга эришиш учун барча чора-тадбирлар амалга оширилган», — деди вазир.

Шу боис 20 январдан 1 февралгача истеъмолчиларга 2,3 млрд кВт соат электр энергияси, 1,1 млрд метр куб табиий газ, 19,2 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши айтилди. Ҳозирда 8,2 минг тонна суюлтирилган газ ва 28 минг дона газ баллонлари захиралари тайёрлаб қўйилган.

Кўмир омборларида 156,6 минг тонна кўмир ва брикет захираси мавжуд. Аҳолига кунига 4 минг тонна кўмир етказилмоқда.

Бунга қўшимча равишда, «Авваллари ҳам қишга тайёргарлик кўрганимизда уйимизни, иш жойимизни, боғча ва мактабларни иситишни ўйлардик. Деразалар яхши ёпиляптими, шамол кирмаяптими, эшиклар ёпиладими, эшикларни иситишни ҳам ўйлардик. Бугунги кунда жуда ҳам кўп вазиятлар кузатиляпти, ностандарт мосламалар ишлатилганда кўп энергиямиз кўчани иситишга кетяпти. Бундай ҳолатда ишлаб чиқаришни кўпайтирсак ҳам ҳеч қачон газни ҳам, электрни ҳам етказиб беролмаймиз. Шунинг учун, ҳурматли истеъмолчилар, шу йўналишда биргаликда ишлашни мен сизлардан илтимос қилардим», — деди Алишер Султонов.