Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Унда қайд этилганидек, жаҳон тарихида ҳар бир халқнинг аввало маънавий бирлашуви, миллий ғояси билан юксалганини кўриш мумкин. Бугун янги ҳаёт қуриш, ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлидан бораётган Ўзбекистонда ҳам миллий ғоя масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда бу борада қатор қарорлар қабул қилинди. Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси президент экани белгилаб қўйилди. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилди. Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлат сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди.

«Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, — деди Шавкат Мирзиёев йиғилишда. — Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси — бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси — аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият».

Таъкидланганидек, миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Шу боис президент мамлакат мафкурасининг асосий ғоясини таъкидлаб ўтди.

«Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сураётгани, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётганини тилга олди. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқараётгани, миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортаётгани таъкидланди. Қайд этилишича, фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдирилаяпти.

Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилаётганига урғу берилди.

Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқнинг тинчлиги, Ўзбекистон манфаатларини ўйлаб яшаш зарурлиги таъкидланди.