Пойтахтнинг Чилонзор туманида микроавтобус пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар берди.

Унга кўра, 19 январь куни тахминан соат 09.15 ларда Чилонзор тумани Байналминал кўчасида («Чарх Камолон» маҳалласи рўпарасида) 36 ёшли Адил Х. «Midibus SAZ/NP-37» русумли автобусни бошқариб кетаётганида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган 57 ёшли М.Т.ни уриб юборган.

Автобуснинг (давлат рақами 01 B 829 BA) рақами ва рангига (оқ) эътибор берилса, бу «Тошшаҳартрансхизмат» автопаркларига тегишли маршрутли автобус эмаслигини тушуниш мумкин.

Натижада тан жароҳатлари олган пиёда ҳодиса жойида вафот этган. ЙТҲ сабаблари аниқланмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.