Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, йиғилишда давлат раҳбари «Ижод» жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этилишини маълум қилган.

Бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётни ривожлантириш учун сарфланади. Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишга йўналтирилади.

Шу йилдан бошлаб, маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш, бу йўналиш бўйича етук кадрлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.

Китобхонлик маданиятини кенгайтириш, кино санъатини изчил ривожлантириш, барча телеканаллар қошидаги бадиий кенгашлар фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, теледастурларнинг савиясини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

«Агар кимдир, маънавият масаласи — бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир», — деди президент.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар бўйича соҳа мутасаддилари, ўқитувчи ва профессорлар, вазирлар, вилоят ҳокимлари фикр билдирди.