Ўзбекистон Ташқи сиёсий фаолият концепциясига ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Тараққиёт стратегияси маркази» ҳамда «Юксалиш» УМҲнинг махсус сайтларига жойлаштирилган 2021 йил учун Давлат дастури лойиҳасида айтиб ўтилган. Изоҳ ва таклифларни ҳавола орқали ўтиб, қолдириш мумкин.

Лойиҳада 2021 йилнинг декабрь ойига қадар «Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатини изчил амалга ошириш ҳамда белгиланган стратегик режаларнинг жадал ижросини таъминлаш мақсадида» Ташқи сиёсий фаолият концепциясини такомиллаштириш назарда тутилади.

Ташқи сиёсий фаолият концепцияси 2012 йил 10 сентябрь куни биринчи президент Ислом Каримов томонидан имзоланган Ўзбекистон қонуни билан тасдиқланган эди. Ҳозирда Қонунчилик миллий базасида (Lex.uz) ушбу ҳужжат йўқ. Қонунга ҳавола Сенат Кенгашининг қарорида мавжуд, лекин ҳавола бўйича ўтилганда «404» хатоси (Саҳифа топилмади) келиб чиқади.

2012 йилда «Газета.uz» Концепцияда қуйидаги асосий қоидалар баён этилганлигини ёзган эди:

1) Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларига, фаровонлиги ва хавфсизлигига, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишларига, амалдаги миллий қонунчилик ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга амал қилган ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

2) Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

3) Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.

4) Конститусияга, «Мудофаа тўғрисида"ги қонунга ва Ҳарбий доктринага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудининг яхлитлигини ҳимоя қилиш, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини асраш мақсадидагина тузилади ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмайди.

«Газета.uz» Ташқи сиёсий фаолият концепциясининг Миллий қонунчилик базасида йўқлиги тўғрисида изоҳ сўраб Адлия вазирлигига мурожаат қилди.