Андижон вилояти Хўжабод туманида яшовчи фуқаро Ё.Р. отаси томонидан 9-синфлигидан буён зўрланиб келинаётганини айтиб, видеомурожаат қилган.

Қизнинг онаси вафот этган ва отаси бошқа аёлга уйланган. Унинг айтишича, уйда ҳеч ким бўлмаган пайтда отаси унга зўравонлик қилган.

«Дадамдан мактабга қочардим. Дадам ёки уйда яшайсан ёки кўчада бўласан дерди. Мажбур уйда юрардим. Дадам мени ҳар доим уриб, сўкарди. Хар доим биров чақирса, қизим йўқ деб устимдан қулфлаб кетарди», — дейди Ё.Р.

Унинг сўзларига кўра отаси Т.А. қўшнилар эшитиб қолмаслиги учун қизнинг оғзини боғлаб қўйган. Қиз бақирганда, ота қўшниларига гапимга кирмаяпти дея баҳона қилган.

Қиз бу ҳақида қўшнилари, ўгай онаси, қариндош-уруғлари, маҳалла мутасаддиларига ҳам айтган. Бироқ унга ҳеч ким ишонмаган, уни ёлғончи деб, отасининг томонини олишган.

Қиз профилактика инспекторига мурожаат қилганида, ички ишлар ходими отасига оғзаки огоҳлантириш берган. Ё.Р. милицияга биринчи маротаба мурожаат қилганидан кейин, отаси унга маълум вақт тегинмаганлигини айтган. Лекин, кейин ҳолат яна такрорлана бошлаган.

Навбатдаги мурожаатда инспектор Ё.Р.га зўравонлик ҳолатини телефон ёки камерага тасвирга тушириш кераклигини, акс ҳолда жиноий иш очолмаслигини айтган.

Ё.Р. бир неча маротаба ўз жонига қасд қиламан деб, уйдан чиқиб кетганлигини ҳам маълум қилди.

Бош прокуратура хабар беришига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«Шунингдек, видеоёзувдаги қиз юқоридаги ҳолат бўйича ваколатли идораларга мурожаат қилишига қарамасдан ҳеч қанака чора кўрилмаётганлиги ҳақидаги важларига аниқлик киритиш мақсадида Хўжаобод тумани прокуратураси томонидан тегишли идоралар ходимларига нисбатан хизмат текширувлари тайинланди», — дейилади хабарда.

Текшириш жараёни Андижон вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.