Президент Администрацияси томонидан тасдиқланган жадвал асосида барча вилоятлар ҳокимлари босқичма-босқич қисқа муддатли таътилга чиқмоқдалар, деб хабар берди «Газета.uz» ахборот манбаси. Улар таътил давомида профилактик тиббий кўрикдан ўтказилади.

«Президент Администрацияси томонидан тасдиқланган жадвал асосида босқичма-босқич, 10 кун ичида беш нафар ҳоким, сўнгра кейинги 10 кун ичида яна беш ҳоким, шунингдек, сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари профилактик тиббий кўрикдан ўтказилади», — дейилади «Газета.uz»га келиб тушган хабарда.

Маълумот учун, ҳокимлар амалдаги қонунчиликка биноан рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкентдаги Президент Администрацияси Тиббиёт бош бошқармасида текширувдан ўтадилар.

Эркинжон Турдимов.

Жумладан, 9 январь куни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов соғлиғини тиклаш учун қисқа муддатли таътилга чиққан эди.


Гофуржон Мирзаев.

17 январь куни эса Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев тиббий кўрик ва даволанишдан ўтиш учун қисқа муддатли таътилга чиқди. Сирдарё ҳокимлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар қилишича, таътил ҳокимнинг соғлиғи билан боғлиқ эмас. 10 кун давомида Ғофуржон Мирзаев профилактик тиббий кўрикдан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, йил бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қисқа муддатли меҳнат таътили олган эди.