Ижтимоий тармоқларда мактабгача таълим ташкилоти мудирасининг тарбиланувчини ураётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Ушбу ҳолат Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 13-сонли МТМда содир бўлгани айтилмоқда.

Самарқанд вилояти прокуратураси ҳодиса юзасидан ҳозирда Булунғур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганлигини маълум қилди.

МТМ мудираси Роҳатой Аҳророва «Замон» кўрсатувига берган интервьюсида видеолавҳага изоҳ берар экан, ўзини тўғри тута олмаганини ва қизиққонлик қилганини таъкидлади. У боланинг ҳақоратли сўзларни айтганини маълум қилган.

«Жуда ҳам жаҳлим чиқди. Чунки гуруҳда 30 га яқин бола бор эди. Тўғри, уриш мумкин эмас, лекин муомала билан қилса, боланинг келажаги нима бўлади?» — деб сўради у.

Бундан аввал, Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган 103-сонли ёрдамчи интернат-мактаби тарбияланувчиси калтакланганлиги ва ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик.