2021 йилги давлат дастурига оид президент фармони лойиҳасида республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш таклиф қилинмоқда.

Бу даврда ҳар бир кесилган дарахт ва бута учун компенсация тарзида қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган 10 туп йирик ўлчамли (5 ёш ва 2 метрдан кам бўлмаган) кўчат экиш ва уларни икки йил давомида парвариш қилиш тартиби белгиланмоқда.

Ноқонуний кесилганлар дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурияти киритилмоқда.

Давлат экология қўмитаси атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш тартибини қайта кўриб чиқиб, табиатни қайта тиклашга қаратилган компенсация механизмларини кенг жорий этади.

Аввалроқ, «Газета.uz» Мораторий даврида 7854 туп дарахт ноқонуний кесилиб, табиатга 9,787 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани ҳақида ёзган эди. 202 йилда дарахт ва буталарни кесишга мораторий жорий этилганига қарамасдан жуда кўп ҳолатга қонунбузилиши содир этилгани учун Давлат экология қўмитаси мораторий муддатини узайтириш ва кескин чораларни кучайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган эди.

2020 йилнинг майида Сурхондарёда фуқаро автосервис қуриш мақсадида 35 туп қарағай дарахтини кесгани учун 165,5 млн сўм миқдорида жаримага тортилган. Июлга келиб, Давлат экология қўмитаси Тошкент марказида кўп йиллик чинорлар ноқонуний равишда каллаклаб ташланганини тасдиқланганди. Воқеа жойига пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам ташриф буюриб, муаммони суд орқали ҳал этиш лозимлиги ва ким ноҳақ бўлса, ўша қонун олдида жавоб бериши кераклигини таъкидлаган эди. Июль ойида шу каби ҳолат, Нурафшонда ҳам кузатилди. Унда йўл четидаги 37 туп дарахт, шундан 26 туп кўп йиллик чинорлар кесиб ташлангани ва зарар 1,1 млрд сўмни ташкил этгани аниқланган.

Куз фаслида эса «Туркистон» саройи атрофидаги дарахтларга белги қўйилгани ва улар кесилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ўшанда Давлат экология қўмитаси белги қўйилган дарахтлар имкон қадар кесилмаслигини, ўсимлик зараркунандалари ва табиий омиллар таъсирида зарарлангани, турли коммуникацияларга таҳдид солаётган дарахтларга махсус белги қўйилганини маълум қилган эди.