Ҳукуматнинг 14 январдаги «Тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш механизмларни жорий этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги хабар беришича, 2022 йил 1 январдан тиббиёт ташкилотларини ихтиёрий аккредитациядан ўтказиш механизми жорий этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш ва соғлиқни сақлаш соҳасида экспертларни сертификатлаш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Қарор билан Тиббиёт ташкилотларини ихтиёрий аккредитациядан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Регламентга кўра, тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш қуйидаги босқичлардан иборат:

  • ўзини ўзи баҳолаш ва баҳолаш натижаларини тиббий хизматлар сифатини бошқариш ахборот тизимига киритиш;
  • жойнинг ўзида ташқи комплекс баҳолаш;
  • инспекция назорати.

Аккредитациядан ўтиш учун тиббиёт ташкилотлари аккредитацияловчи органга Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали ариза билан мурожаат қилишади. Аризага БҲМнинг 2 баравари (446 минг сўм) миқдорида тўлов тўланганлиги ҳақидаги квитанция илова қилинади.

Аккредитация гувоҳномасини бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинган тақдирда тиббиёт ташкилотига аккредитация стандартларига мувофиқлиги даражасига қараб қуйидаги тоифалар берилиши мумкин:

  • иккинчи аккредитация тоифаси — стандартларига мувофиқлиги камида 75 фоиз бўлганда;
  • биринчи аккредитация тоифаси — стандартларига мувофиқлиги камида 85 фоиз бўлганда;
  • олий аккредитация тоифаси — стандартларига мувофиқлиги камида 95 фоиз бўлганда.

Шунингдек, қарорга кўра 2022 йил 1 январга қадар тиббий хизматлар сифатини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилади.