Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани «Қизилўзак» қишлоғида яшовчи болалар 8 км узоқликда жойлашган мактабга пиёда, эшакда ва велосипедда қатнамоқда. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

Kun.uz журналисти учта мактаб ўқувчиси билан суҳбатлашган. Улардан бири пиёда, қолган иккитаси эшакда ҳаракатланаётган бўлган. Уларнинг сўзларига кўра, улар маҳалладан мактабгача бўлган масофани 1,5 соат ичида босиб ўтишади.

Кейинчалик, журналист Шуҳрат Саидаҳмадов Қизилўзак қишлоғида 70 та оила истиқомат қилаётгани ва 150 га яқин бола мактабга боришини айтди. Уларга велосипед сотиб олиш учун пул йиғиш бошланди.

21 декабрь куни Чимбой тумани ҳокими Айбек Тажетдинов Equinox автомобилини сотиб олиш учун 349 млн сўмлик шартнома имзолаган эди.

Ҳокимлик матбуот котиби Наргиза Толибоева «Газета.uz» га «Equinox сотиб олиш учун пул ўтказилмади ва машина келмади» деди. Ҳозирда Ҳоким Captiva’да ҳаракатланмоқда.

Матбуот хизмати болаларнинг мактабга боришини осонлаштириши учун бирон бир чоралар кўриладими, деган саволга, Чимбой туманида Қизилкетген қишлоғи йўқ дея айтилган (маҳалла Kun.uz'нинг биринчи хабарида шундай номланган). «Мен ҳеч қандай маълумот бера олмайман, чунки бизда бундай маҳалла йўқ. Балки бошқа туманда шундай маҳалла мавжуддир», — деди Наргиза Толибоева.