15 январь куни президент Шавкат Мирзиёев пойтахт туманларининг ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, шунингдек, Юнусобод тумани маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Давлат раҳбари 10 кун ичида икки вазирнинг (уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Салиев ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов) ишдан олганини, қолаверса, бир қанча вазир ўринбосарлари — сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари — Баходир Рўзибоев, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарлари Саидкамол Ходжаев ва Ботиржон Сулаймонов, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломов, транспорт вазири ўринбосари Даврон Деҳқоновнинг лавозимидан озод қилинганини таъкидлади.

Бундан ташқари, президентнинг сўзларига кўра, бош вазирнинг икки ўринбосари «охирги хайфсан билан зўрға ишда қолди». Ким ҳақида гап бораётганига аниқлик киритилмади.

«Нимага? Аравани тортмаса кетиши керак. Кетиш керак. Аравани тортиш учун маҳаллий ҳокимият идоралари фидойи бўлиши керак. Уларга нисбатан маҳалла раиси 10 карра фидойи бўлиши керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Юнусобод туманининг 63 та маҳалла раисларига (уларнинг икки нафари вакант) мурожаат қилиб, «уйғониш»га ва «эснаш»ни бас қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, маҳалла раислари давлат органларидан жойлардаги муаммоларни ҳал этишни талаб қилиши зарур.

Шавкат Мирзиёев маҳалла раиси «президент билан халқ ўртасида кўприк» яратадиган президент вакили эканини таъкидлади.

«Ё адолатли, ё хиёнатли, лекин иккови ҳам кўприк бўлади. Қандай кўприк бўлгани маҳалланинг ишига боғлиқ. Шунинг учун маҳалла раиси энди жамиятимизнинг кўзгуси, адолати ҳамда эртанги кунга ишонтирадиган куч бўлади. Шунга лойиқ бўла оламизми? Агар бўла олсак, марра бизники. Бўла олмасак, шиддат билан ўтиб кетаётган замонда биз кўп нарсани йўқотиб қўямиз. Минг афсус, лекин неварамизнинг кўзига қара олмаймиз», — деди давлат раҳбари.