Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Махаметов президент томонидан белгиланган вазифаларни уч ой ичида бажаришга ваъда бериб, ишдан бўшамайдиган бўлди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев жума куни Юнусобод туманида бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Йиғилишда Юнусобод туманидаги тижорат банклари бириктирилган 63 та маҳаллада янги иш тизими муҳокама қилинди.

Махсус ишчи гуруҳ маҳаллаларнинг ривожланиш даражаси, мавжуд муаммолари ва имкониятларини ўрганиб чиқди. Бош вазир ўринбосарлари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Юнусобод туманини ривожлантиришнинг 2021−2022 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари, иш ўринларини яратиш ва маҳаллий бюджет рентабеллигини ошириш, ривожланиш инфратузилма комплекс дастурини тақдим этишди.

Худди шундай иш тизимини Тошкентнинг бошқа туманларидаги маҳаллаларда ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу масалага тўхталган президент Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Махаметовни лавозимидан озод этиш ҳақида ўйлаётганини айтди, аммо ҳоким уч ой ичида топшириқларни бажаришга ваъда берди.

«Мен Чилонзор тумани ҳокимига топшириқ берганман, қоладими ёки йўқми. Мен уни ишдан олмоқчи эдим, лекин у менга ялиниб, уч ойда эплайман деди», — деди давлат раҳбари.

Президентнинг таъкидлашича, Тошкент ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев Сарвар Махаметовни мақтаган ва унга «адвокатлик қилган».

«Чилонзорда нима ўзгарганини телевизорда чиқиб айтиши керак, одамлар айтиши керак. Тушунарлими ёки йўқ? Менга биров мақтагани керак эмас, адвокат бўлиш керак эмас ҳеч кимга», — деди Шавкат Мирзиёев пойтахт ҳокимига ишора қилиб.

Август ойида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтнинг бешта тумани ҳокимларига, жумладан, Чилонзор тумани раҳбарига «пандемия пайтида аҳолидан келиб тушган кўплаб шикоятлар ва топшириқларнинг ўз вақтида бажарилмаганлиги» учун танбеҳ берган эди.

Сарвар Тошматович Махаметов Чилонзор туманини 2018 йил октябрь ойидан бери бошқариб келмоқда.