Олмалиқ шаҳар ҳокимлигининг Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими 1-тоифали мутахассиси Зилола Ҳасанбоева президент Шавкат Мирзиёев ва Сенат раиси Танзила Норбоевадан ёрдам сўраб мурожаат қилди. У шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Умид Шоумаров уни «декрет»га чиқармаслик учун турли йўллар билан ишдан бўшатишга ҳаракат қилаётгани, жумладан, Меҳнат кодексининг 100-моддаси билан таҳдид қилаётганини айтиб, «Газета.uz»га видеомурожаат йўллаган.

Маълумот учун, Шоумаров Умид Ҳикматович 2020 йил 21 октябрдан бери Олмалиқ шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлайди. Бунга қадар у «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси лавозимида фаолият юритган.

Таҳририятга келиб тушган мурожаатда Зилола Хасанбоева мазкур бўлимда 2018 йил 12 июлдан бери фаолият юритиб келаётгани ва 2021 йил март ойидан декретга чиқиш масаласи кўтарилгач, ҳокимнинг биринчи ўринбосари унга руҳан тазйиқлар ўтказиб, ишдан бўшатиш ҳаракатига тушиб қолганини айтади.

«Адолат партиясидан чиққан одамнинг ўзи адолатсизлик қилиши қонунга мосми? Мен шунга ҳайрон қолмоқдаман. Менинг айбим ҳомиладорлигимми? Ёки аёллигимми?», — дейди у.

«Ҳомиладорлигимни билганидан сўнг Умид Шоумаров ўрнимга эркак кишини олмоқчи эканини билдириб, менга мажбурлаб ариза ёздирмоқчи бўлаяпти. Бир неча бор улар томонидан ҳар хил бақир-чақир, сўкинишларни эшитганман. Охири ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг олдиларига аудио ёзув билан кирадиган бўлдим. Умид Шоумаров мени мажбурий тарзда ишдан бўшатмоқчи. Ҳар хил важлар билан, ҳаттоки „мен сизни хоҳлаган ишингизга киритиб қўяман“, деб таклиф билдирганлар. Мен ҳомиладорманку, қандай қилиб мени бошқа ишга ўтказасиз, деганимда: „мен сизга ҳомиладор эмас деган справка қилиб бераман“, деди. Қандай қилиб, уни ҳам ахир она туққан-ку», — дейди ҳокимлик ходимаси.

Ишдан бўшашга қаршилигини билдирган ва қонунда белгиланган тартибда ўзининг ҳаққини сўраган Зилола Ҳасанбоевага ҳокимнинг биринчи ўринбосари бўлим 4 ойдан бери уддалай олмаётган ишни бериб, бўшатишнинг қонуний йўллари билан бўшатишини айтиб, қўрқита бошлаганини маълум қилди.

«Мана, кеча ҳам ишдан бўшамайман, менга таклифингиз керак эмас, деган пайтимда улар бўлимимиз 4 ойдан бери қила олмаётган ишни менга бердилар. Буни мен ҳамма билан маслаҳатлашдим. Энди мени моддага (Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисми — таҳр.) асосан бўшатишни хоҳлашаяпти», — дея сўзлаб берди Ҳасанбоева.

Ҳокимлик ходимаси президент ва Сенат раисидан ёрдам сўраб, қонуний чора кўришларини сўраган. Ҳасанбоева «Газета.uz»га мурожаат қилиб, ҳокимнинг биринчи ўринбосари билан бир неча маротаба суҳбатлашгани акс этган аудиоёзувларни тақдим этди. 4 январь куни иш берувчи ва ишчи ўртасида суҳбат анчайин босиқлик билан бўлиб ўтган. Унда Шоумаров унга жуда катта талаб бўлаётгани, ходимани тушуниб тургани ва у «декрет»га чиққунича ҳокимият бутун шаҳарнинг тақдирини ушлаб туришини, шу боис «ўзингизда ҳам виждон бўлсин. Сиз шаҳарнинг иқтисодиётига ҳеч қанақа ҳисса қўшаётганингиз йўқ, лекин сизнинг ўрнингиздаги одам кечаси билан ишлаши керак», — дейди.

Аудиоёзувда 2020 йил 20 ноябрдан бўлим номи (эски номи — иқтисодиёт ва саноат бўлими) ўзгаргач, ходимлар қайтадан синов муддати асосида ишга олингани ҳақида гап-сўз боради. Ҳасанбоева аризани синов муддатига ёзмаганини айтса, Шоумаров буйруқ синов муддати билан чиққани ва ходима ундан ўта олмаганини маълум қилади. Зилола «ҳомилам 4 ойлик бўлиб қолди, ҳеч ким ишга олмайди мени», деган вақтда ҳокимнинг биринчи ўринбосари: «мен сизни жойлаштираман, ҳомиладорман демасангиз бўлди, муаммо қилмайди», дея жавоб беради.

«Ишлаб турган тизимингиз ёпилди, сизлар ҳамманглар бўшаб, ишсиз қолдинглар. Янги структура ташкил қилинди. Сизлар унга ариза ёзиб бердинглар, синов муддати билан буйруқ чиқди. Сиз ҳозир ўтмадим, деб ишсиз қолиб кетишингиз ҳеч гап эмас. Лекин мен сизга ёрдам бермоқчиман. Мен сизга тавсия бермайман. Тўғри тушунинг, бу — ҳокимият. Кечаси билан ишлайдиган одам бу. 5 да кетдим, овқат қилишим керак, дейдиганларнинг жойи эмас бу. Йигитларимиз борку, дейсиз, сиз учун ҳам улар ишлаши керакми? Шунинг учун, Зилола, мен билан яхши муносабатда бўлиб қолинг, хоҳлаган жойингизни танланг. Хоҳласангиз, маҳаллага котибаликка, хоҳласангиз «горздрав»га киринг. Сизни бу йилга буйруғингиз чиқмайди, аниқ. Сиз одамга ўхшаб гаплашинг, эй», — дея тушунтиришда давом этган Умид Шоумаров.

Ходима иш берувчига синов муддати қонунчиликка кўра, ҳомиладор аёлларга берилмаслигини айтганида, Шоумаров: «Сиз синов муддатига ҳомиладормисиз, фарқи йўқ, ариза ёзаётганингизда мана шу йилдан ишга қабул қилинглар, деб ёздингизми? Йил охиригача сизга синов муддати деб қарор чиққан. Бу ойдан сизга ойлик ёзилмайди», — дея сўзини тамомлаган.

Зилола Хасанбоеванинг Умид Шоумаров билан суҳбати акс этган, ходима томонидан 6 январь куни ёзиб олинган аудио борича ҳавола этилади:

Умид Ш.: Ҳозироқ бориб ҳал қилинг. Мен сизнинг табелингизга қўл қўймайман, Зилола, тўғри тушунинг.

Зилола Х.: Синов муддати 1 ой берган бўлса, 21 декабрда тугаган экан, ака. 4 январдан қанақа қилиб мени бўшатасиз? Ўша буйруққа 84-модда асосан деб ёзиб қўйипти. 84-модданинг тагида ёзиб қўйибди, ҳомиладор аёлларга синов муддати берилмайди, деб. Мен кадр билан бориб гаплашаман, қайси «основания»га асосан мени бўшатаяпти, деб.

Умид Ш.: Синов муддатидан ўтишингиз керак, тўғрими? Мен синов муддатидан ўтди, деб хулоса бермаганман. Зилола, мен билан талашманг. Нима қиласиз? Хўп бўпти, ҳозир сиз талашиб ҳам кўрарсиз, уришиб ишламоқчимисиз?

Зилола Х.: Менинг уришиш ниятим йўқ. Мен тинчгина «декрет»га чиқиб кетмоқчиман.

Умид Ш.: Сизнинг мақсадингиз «декрет»га чиқиб олиш, ўшанинг учун ҳозир котибаликми, бошқами, қаерда бўлса, жой топинг, ўша ердан чиқиб кетворинг.

Зилола Х.: Ўтмайман мен бошқа жойга.

Умид Ш.: Мен сизга топшириқ бермаяпман. Мен сиз билан ишламаяпман.

Зилола Х.: Сиз нега менга «на принцип» қилаяпсиз?

Умид Ш.: Сизнинг табелингизга мен қўл қўймайман.

Зилола Х.: Майли, қўл қўймасангиз.

Умид Ш.: Ўшанинг учун мен билан талашманг. Мен сизга ёмонлик раво кўрмаяпман. Гап йўқ, мақсадингиз «декрет»га чиқиб кетишми? Хоҳлаган битта ташкилотингиздан чиқиб кетинг.

Зилола Х.: Йўқ, мен шу ердан чиқиб кетаман.

Умид Ш.: Бу ердан чиқиб кета олмайсиз. Менга иш керак. Бу ерда кечаси билан ўтириб, ишлайдиган одам керак. Менга «принцип»га кетманг хўпми?

Зилола Х.: Мен «принцип»га кетмаяпман. Ака, менга асабийлашиш мумкин эмас. Бир эмас, неча марта асабийлаштираяпсиз.

Умид Ш.: Мен билан ишласангиз «тем более» асабийлашасиз (овозини баландлатиб).

Зилола Х.: Менга иш ҳам керак (овозини баландлатиб).

Умид Ш.: Сизга бола керакми? Тинчлик керакми? Менга-чи кекирдагингни чўзмасдан гапир, тушундингми? (бақириб гапирди).

Зилола Х.: Нимага менга бақирасиз, бақирманг.

Умид Ш.: Кекирдагингни чўзмасдан гапир, тушундингми? (Бор овозда бақириб). Мен билан унақа гаплашма.

Зилола Х.: Менга бақирманг! (Бор овозда бақириб).

Умид Ш.: Тушундингми? Менга бунақа гапиришга, ҳеч ким сенга ваколат бергани йўқ. (Бор овозда бақириб)

Зилола Х.: Сизга ҳам бергани йўқ.

Умид Ш.: Мен сени табелинга қўл қўй-май-ман. (Бор овозда бақириб).

Зилола Х.: Меҳнат кодексига асосан гаплашаман мен сиз билан.

Умид Ш.: Бўлдими, кетавер.

Зилола Х.: Мен кетмайман.

Умид Ш.: Яхшиликча ўзингни жойингни топ.

Зилола Х.: Топмайман. Мен шу ердан декретга чиқаман.

Умид Ш.: Бу ердан чиқмайсан.

Зилола Х.: Кўрасиз-ку.

Умид Ш.: Умуман кўринма кўзимга.

11 январдаги яна бир суҳбатда Олмалиқ шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Умид Шоумаров ходимадан вазият нима бўлганини сўраганида, Хасанбоева 19 мартдан кетишини айтиб: «Агар, Умид ака, хўп десангиз, охирги яхшилигингиз шу бўлсин, акажон» дейди. Шоумаровнинг «сизнинг мақсадингиз пул олиш тўғрими», деган саволига ходима «кредитимни ёпиш», дея жавоб беради. Сўзи давомида у уч йилдан кейин ҳам ишга чиқиш истагини билдирмаётганини қўшимча қилади.

«Нимага сиз бунақа муттаҳамлик нуқтаи назаридан ўйлайсиз? „Шу кредитларни ёпишим керак“, инсофингиз борми сизни? Давлатнинг пули-ку бу. Сиз шу ерда фойда келтирмаяпсиз-ку давлатга. Ҳеч нарса қилмаяпсиз-ку, Зилола. Бўлмаса ҳозир ишларни бериб ташлайман, қила оласизми? Қила олмайсиз-ку. Мен сизни 100-модда билан бўшаттираман, агар менинг гапимга қулоқ солмасангиз. Ҳозир сизга бераман топшириқларни, бирортасини ҳам бажара олмайсиз-ку. Хизмат кўрсатишлар турларини айтиб бера олмадингиз-ку менга. Қанақа хизмат кўрсатиш турлари бор? Бир ҳафта олдин берган саволимга жавоб бермадингиз, тўғрими? Шундан кейин ақл кириб, „э, тўхта, шуни раҳбар сўради, кел ўрганиб қўяй“, деб ўқиб ҳам қўймабсиз-ку, инсофингиз борми? Мен сизга ҳозир битта топшириқ бераман, кечгача қила олмайсиз, эртага яна битта топшириқ бераман, кечгача қила олмайсиз. 100-модда билан чиқариб юбораман, рози бўласизми? Боринг ,блокнот, ручка олиб чиқинг, топшириқ бор сизга. Кўп топшириқ бор сизга», — дейди Умид Шоумаров.

Аудиоёзувда Зилола Хасанбоева хизмат турларини билмаслигини рад этмаган. Лекин топшириқлар бўлса қўлдан келгунча бажараётганини ва раҳбарият билан баҳслашиб ўтириш нияти йўқлигини қўшимча қилган. Суҳбат охирида Шоумаровдан Меҳнат кодексига асосан бўшатишини, бошқа ҳеч қандай ёрдам сўрамаслигини айтган. Ва иш берувчи талабидан сўнг, блокнот ва ручка олиб келишга чиқиб кетган.

Мазкур ҳолат бўйича изоҳ олиш мақсадида «Газета.uz» мухбири Умид Шоумаров билан боғланди. Ҳоким ўринбосари Зилола Ҳасанбоева ўз вазифасини уддалай олмаётгани, 15 кунлаб бесабаб ишга чиқмагани ва бунинг учун тиббий маълумотнома ҳам тақдим этмаганини, шундай бўлса-да унга ёрдам бериб келаётганини, бошқа жойдан иш топиб беришини айтганини, уларнинг бўлими ёпилиб кетгани ва унинг ўрнига бошқа тузилма ташкил этганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Хасанбоева ва яна бир ходим синов муддатидан ҳамда қайта суҳбатдан ўта олмаган.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 84-моддасида синов муддатидан ўтмайдиганлар қаторида ҳомиладор аёллар киритилгани ҳақида билиш ёки билмаслиги сўралганида, Шоумаров ҳомиладорликнинг бу масалага алоқаси йўқлигини ҳамда у бўлим тўлиқ ёпилиб кетганини айтиб, янги структурага «Бошқатдан шунга қабул қилдик», дея жавоб берди. У., шунингдек, ходимасига нисбатан тазйиқ ўтказмаганини, нафақат Ҳасанбоевани, балки бошқа ходимларини ҳам «ҳаттоки сенсираб гапирмаслигини» айтган. Шоумаровнинг таъкидлашича, қўл остидаги ходимасига барчаси тушунтирилган, у эса узр сўраган. «Нотўғри қилибман, айбдорман, деди. Қила олмаган ишларини гапирсам тан олаяпти», — дея маълум қилди.

Умид Шоумаров мухбир билан суҳбатда 14 январь санасига барча масала ҳал этилганини, Зилола Ҳасанбоева мартгача иш жойида қолишини, сўнгра «декрет»га чиқишини қўшимча қилди. «У декретга чиққанидан кейин 5 ой бошқа ходим ололмаймиз. 4 киши уни ҳам ишини қилишига тўғри келади», деди. Бундан ташқари, мухбирнинг ҳокимият ходимлари кечаси ҳам ишлашини қандай изоҳлашини сўраганида, у «Шахсан мен 1−2 гача ишлайман. Ходимлар вазифасини бажармаган бўлса, қолиб тугатади. Хоҳлагани вақтлироқ ҳам кетади», — деди.

«Газета.uz» мухбири Зилола Ҳасанбоева билан ҳам телефон орқали суҳбат қилиб, бир қанча ҳолатларга ойдинлик киритди. Унинг айтишича, ноябрь ойида 15 кун шифохонада «сохранения»да ётган, кадрлар билан ишловчи Шахноза исмли ходимага мурожаат қилганида, унга маълумотнома шарт эмаслигини, раҳбариятни ўзи огоҳлантириб қўйишини айтган. У, шунингдек, кредитларига оид гап-сўзларга ҳам тўхталиб ўтди. «Иккита кредитим бор, биттаси 8,6 млнлик, иккинчиси 3,5 млн сўмлик. Эрим ишламайди, ўшанинг учун «декрет»га чиқишим керак», — деди. Қолаверса, Шоумаровнинг ишни эплай олмаслик ҳақидаги фикрини рад этиб, унинг вазифасини қанчалик уддалай олишини Тошкент вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Музаффар Арипов яхши билишини, хаттоки, бир неча бор, Шоумаровга ишдан ҳайдаш фикригача қарши чиққанини маълум қилди.

Мазкур суриштирув давомида «Газета.uz» бир томонга ён босмаслик мақсадида ҳар икки томоннинг фикрини тўлиқ ўрганишга ҳаракат қилди. Тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг мутахассислари билан ҳам боғланиб, уларнинг нуқтаи назари билан ҳам танишиб чиқди. Натижада мақола тайёрланиш жараёнида таҳририятга қуйидаги хабарлар келиб тушди.

Зилола Ҳасанбоеванинг айтишича, ушбу воқеалардан, яъни, видео тарқалгач, унинг бевосита раҳбари хонасига чақирган. «Видео ижтимоий тармоқда тарқалгандан кейин хоналарига чақириб, «нима ёрдам керак бўлса берамиз, сиз шу ердан «декрет»га чиқасиз», деди, лекин мен уларнинг гапига ишонмайман», — деди ходима. У, шунингдек, ҳокимнинг биринчи ўринбосари қонунчиликда белгиланган тарзда жавобгарликка тортилиши лозимлигини қўшимча қилди.

Зилола Ҳасанбоеванинг «Газета.uz»га 15 январь куни маълум қилишича, Олмалиқ шаҳар ҳокими уни қабул қилиб, масаласини ижобий ҳал этилишини айтган. Қолаверса, Тошкент вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Музаффар Арипов ҳам унга қўнғироқ қилиб, ишдан бўшатилмаслигини маълум қилган. Мазкур маълумотни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилдора Жўраева ҳам тасдиқлади.

Маълумот ўрнида, Меҳнат кодексининг 84-моддасига биноан «Ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар … ишга қабул қилинганда, шунингдек ходимлар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди». Кодекснинг 100-моддасида эса Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш қайд этилган. Юқоридаги ҳолатда модданинг 2-қисмига асосан «ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши» факти билан ишдан бўшатилиши айтилган.

«Газета.uz»га Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, Меҳнат кодексининг 237-моддасига асосан, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.

Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.

Вазирлик кодекс талабларини менсимаган мансабдор шахсларга нисбатан кўриладиган чораларга тўхталиб ўтган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. 1136-сонли Низомнинг 79-бандига мувофиқ эса ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда бола туғилганда бир марталик нафақани тўлаш мажбурий бўлиб, корхона раҳбари ундан бош тортишга ҳақли эмас.

«Газета.uz» юқоридаги ҳолатлар қонунчиликда белгиланган тарзда кўриб чиқилиши юзасидан Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаевага, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлигига сўров юборди.