Абдуҳаким Ҳожибоев Daryo нашрига маълум қилишича, Ўзбекистондаги ўлим статистикаси фақат расмий сўров бўлган пайтдагина эълон қилинади.

«Бу сир эмас-ку, агар сиз айтган статистикани кимдир сўраса, маълумот берилади», — деди вазир. Шу ўринда, Абдуҳаким Хожибоев даставвал Статистика қўмитасига тегишли саволларга жавоб бермаслигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг август ойидан бери Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларни Давлат статистика қўмитасига тақдим этмаганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Шу ўринда, Адлия вазирлиги эса Давлат статистика қўмитасида барча маълумотлар мавжудлигини айтган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўровга жавоб бермаган эди.

«Газета.uz»нинг Давлат статистика қўмитасидаги манбаси ойлик ўлим ҳолатлари статистикаси ҳар кейинги ойнинг илк 15 куни ичида тузилиши айтилган. Масалан, сентябрь ойи статистикаси 15 октябргача, октябрь учун эса 15 ноябргача тайёр бўлиши керак. «Газета.uz»нинг август ва сентябрь ойларидаги ўлим кўрсаткичлари тўғрисидаги бир нечта сўровларига жавобан қўмита масъул вазирликларнинг ҳали ҳам маълумот юбормаганликлари ҳақида хабар қилган.

«Газета.uz» Давлат статистика қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотларга асосланиб, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабабли ўлганлар сони июль ойида 26,4 фоизга, Тошкент шаҳрида эса 2,6 мартага ошганини ҳисоблаб чиққанди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлимнинг кўпайиши сабаблари тўғрисида таҳририятнинг сўровига ҳеч қандай жавоб бермади.