13 январь кечаси Брюсселда тартибсизликлар бошланди, тахминан 400−500 киши полиция бўлимида тўпланди. Бу ҳақда Медуза маҳаллий ОАВга таяниб хабар берди.

Бунга сабаб 9 январь куни гвинеялик 23 ёшли Иброҳим Барри исмли мигрант, Брюссель полицияси томонидан ҳибсга олинганидан бир соат ўтиб, юрак ҳуружидан вафот этган.

Дастлаб намойиш тинч кўринишда бўлиб ўтди, аммо кейин намойишчилар полицияга тош ва пиротехник воситалар отишни бошлашди. Полиция уларни сув пуркагичлари ёрдамида тарқатишга ҳаракат қилишди. Тартибсизликлар пайтида бир нечта жойларда, шу жумладан полиция бўлимида ёнғинлар содир бўлди.

Бундан ташқари, бир қанча вақт ўтиб намойишчилар шу атрофдан ўтаётган Бельгия қироли Филиппнинг машинасига ҳужум қилишди, 60 ёшли монарх жароҳат олмади. Ҳаммаси бўлиб полиция 112 кишини ҳибсга олди. Олти киши, шу жумладан тўрт нафар полициячи жароҳат олди.