Экстремал машғулотлар
Ҳар қишда саёҳатчи Шароф Эгамбердиев ва унинг жамоаси дунёнинг турли бурчакларидаги тўрт-беш минг метрлик ёзги кўтарилишларга тайёргарлик кўришади. Атрофни кўришнинг умуман иложи йўқлигига, қор бўрони ва кучли совуққа қарамай, жамоа Тошкент вилоятидаги 3100 метрлик чўққига кўтарилди.
ФОТО: ШАРОФ ЭГАМБЕРДИЕВ / «ГАЗЕТА.UZ»

Саёҳатчилар чўққиларга чиқишга қандай тайёрланишади
Шароф Эгамбердиев
Саёҳатчи, биология фанлари доктори.
Саёҳатчилик фаолияти давомида Шароф Эгамбердиев Эльбрусга кўтарилиб, Эверест таянч лагерида бир неча бор бўлган, Ҳимолай довонларидан ўтган, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудидаги 40 дан ортик чўққиларни забт этган ва “Сирли Ўзбекистон” ҳамжамиятини ташкил қилиб, илгари ўрганилмаган кўпгина жойларга йўл очиб берган.

“Газета.uz” учун навбатдаги махсус мақоласида Шароф Эгамбердиев жамоани совуқ иқлим шароитлари кутиб турган Тошкент вилоятидаги Шахтёр чўққисига уюштирилган қишки кўтарилиш ҳақида ҳикоя қилади.
Куз фаслининг охирида тоғларимизда табиатнинг чарчоқи сезилади. У ёзнинг жазирама офтобидан, қора молларнинг ортиқча ўтланишларидан, чанг ва одамлардан чарчайди. Аммо қиш – табиат, аксарият сайёҳлар сингари, қор қоплами остида дам олиши мумкин бўлган ажойиб сокинлик ва хотиржамлик даври.

Аммо бизнинг гуруҳимиз учун бу ёзги мавсум олдидан баланд тоғларга саёҳат қилишдан олдин фаол машғулотлар ва тобланишлар даври. Ёзда беш-олти мингликлар об-ҳавосини Ўзбекистондаги уч мингликлардаги қиш билан солиштириш мумкин.

Қўшни Қозоғистон ва бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, бизда тоғ инфратузилмаси деярли мавжуд эмас, 3000 метр баландликнинг бирорта ҳам бошланиш жойи йўқ. Бундай баландликка кўтарилиш – бу қор кўчкиси хавфи билан боғлиқ бўлган машаққатли ва узоқ жараёндир.

Шунга қарамай, қиш функционал чидамлиликни ошириш ва паст ҳароратга мослашиш учун ажойиб имкониятдир. Ноябрь ойининг ўрталаридан бошлаб бизнинг гуруҳимиз ҳар бир ярим ҳафтада турли уч мингликларни забт этди. Илк кўтарилишимизни Чотқол тизмасининг Шахтёр чўққисида (3100 м) амалга оширдик.
Ноябрь ойида Ўзбекистонга совуқ Сибирь циклони келди. Ҳарорат сезиларли даражада пасайди ва ёғингарчилик кўп бўлди. Об-ҳаво маълумотлари 13 ва 14 ноябрь кунлари фақат бир кун, яхши об-ҳаво кутилаётган кун ҳақида дарак берарди, шундан кейин тоғларда бир неча ҳафта ёмон об-ҳаво бўлиши кутилаётган эди. Саёҳатни қолдириш мумкин эмас эди.

13 ноябрга ўтар кечаси биз чўққи томон йўл олдик. Бир кун олдин кучли қор ёғди, шунинг учун белгиланган манзилга етиб бориш имкони бўлмади. Автомобиль занжирларга қарамай қорда тиқилиб қолди. Ҳар қанча уни итариб чиқаришга уринмайлик, барибир ҳаракатларимиз зое кетди. Машинани йўл четида қолдириб, саёҳатимизни режалаштирилган нуқтадан 2 км узоқроқ масофадан бошладик.
Совуқ тун эди. Оёқ остида қор ғичирларди. Юлдузлар мусаффо осмонда сочилгандек. Улар очиқ об-ҳавони башорат қилишарди.

Қанчалик совуқ бўлмасин, эрталаб қалин кийиниш мумкин эмас. Ҳаво ҳарорати соат сайин кўтарилиб бораверади. Кучли юк билан ҳаракатланаётганда танадан ҳосил бўладиган иссиқлик муқаррар кучли терлашга олиб келади. Кийимлар намланади. Агар одам кўп терласа, кийимларнинг намликни қайтарувчи матоларига қарамай тананинг тўлиқ қуриши қийин бўлади. Тана тўхташ пайтида музлай бошлайди.

Этларимиз совуқдан жунжикиб кетди, лекин биз олдинга секин юришни давом эттирдик. Янги қор билан қопланган арча сийрак ўрмонзорлари юлдузлар ёруғида жуда чиройли ялтирарди. Қуёш чиқишигача йўлнинг ушбу қисми энг манзарали эди.
2000 м баландликка чиққанимизда тонг ёришди. Бу вақтга келиб булутлар Охангарон водийсини уммон каби қоплаган эди. Улар тўлқинлар сингари Қурама тизмаси ён бағирларидан урилиб, яна ортга тисарилишар эди. Бу жўшқин ҳаракат секинлаштирилган тасвир учун айни муддао эди.

Ўша куни биз Сафаролди тоғига кўтарилиб, тоғ тизмасига бироз баландроқ кўтарилишимиз керак эди. У ерда биз қароргоҳимизни қурмоқчи эдик. Ёзда бу ерда нишабнинг чап томонидаги юришлар натижасида ҳосил бўлган йўл бўйлаб кўтарилиш мумкин. Аммо қишда тоғлар ўзгаради, айниқса уч мингликлар каби баланд тоғлар.


Қорнинг баландлиги ҳар қадамда ошиб борарди. Бундай шароитда ёзги йўлакни топишнинг имкони йўқ. Биз том маънода тоғ тизмасининг энг четидаги қорларни кесиб ўтишга мажбур бўлдик.
Кўтарилганимиз сари арча сийрак ўрмонзорлари қояли йўллар билан алмашинарди. Жамоамизда эса ҳар ярим километрда “йўл бошловчи” ўзгарарди.

Қишда саёҳатга чиқишда, қорда йўлак бўйлаб ҳаракатланиш ёки йўлакларни шакллантириш энг оғир вазифа. Рюкзакнинг оғирлиги ва қор қалинлигидан қатъи назар, олдинда юраётган қорни босқилайди, шу йўл билан орқадан келаётган учун йўл очади. Қор қопламининг қалинлиги бир метрдан ошганда, у танаси билан итариб, белига қадар қорга тушишига тўғри келади.

У чарчаганида, ортда турган унинг ўрнини эгаллайди. Йўл бошловчининг ўзи эса қаторнинг охирига ўтади. Шу йўл билан, аста-секин, аммо аниқлик билан қорни ёриб ўтишга имкон берувчи ишчи механизм пайдо бўлади.
Қояли йўллар
Тоғ жисмларининг ер устига чиқиши.
Олти соатлик машаққатли қор кечишдан сўнг биз Сафаролди чўққисига – 2786 м баландликка чиқдик. Шимол томонда Шахтёр чўққисининг ўткир тошли арра билан тугаган тизмаси бор эди. Унинг яқинлашиб бўлмайдиган нишаби қўрқув соларди. Жанубдаги тоза ҳаво туфайли Тожикистон ҳудудида жойлашган хира чўққилар намоён бўла бошлади. Баъзан Оҳангарон сув омборининг мовийлиги булутларни кесиб ўтарди.


Узоқ кутилган тўхташ. Биз деярли гаплашмасдик. Аммо ҳар биримизнинг кўзларимиз бу кўтарилишга чанқоқликдан ёнди. Тезда тамаддилангач, биз йўлимизда давом этдик. Тоғ тизмасига бориб, қароргоҳ учун энг қулай жойни танлашимиз керак эди.
Тушлик танаффуси жойидан ярим километр узоқликда мос майдонни топдик. Қароргоҳни шамол энг кўп қор учириб кетган жойда ўрнатдик.

Яна бир таассуротга бой кун ўз ниҳоясига етаётган эди. Бугун биз бутун ҳис-туйғулар ранг-баранглигини – қиш манзарасидан эйфориядан тортиб то чексиз зерикарли қор қурашгача лаҳзаларни бошдан кечирдик. Тушдан кейин бизни ҳеч нарса билан ҳайратга сололмайдигандек эди. Бироқ, энг ҳаяжонли сониялар олдинда эди.
Қишда қисқа ёруғ кунлар айниқса сезилади. Қуёш эрталаб соат 8 га яқин кўтарилади ва соат 16 дан бошлаб уфқ ортига ўтишга тайёрланади. Қуёш нурлари иситмайди, лекин улар осмонни ёритиши мумкин.
Баланд тоғларда қуёш ботиши бетакрор кўринади. Буни фақат самолёт ойнасидан кузатиш мумкин. Қуёш улкан олов шари каби кўриниб турган уфқнинг ортига ўтади. Унинг сўнгги нурлари самовий нурни акс эттирадиган музли ҳавода кўринмас муз зарраларини ёқади. Қуёш қанча пастроқ ботса, бу аланга шунчалик ёрқинроқ ёнади. Бир неча дақиқадан сўнг, бу нур булутларни ўз қаърига ютади, уларни юмшоқ ва илиқ нур билан тўйинтиради.
реклама
реклама
Пастда, шаҳарларда, бу сеҳрни кимдир кўриши ва ҳис қилиши даргумон. Эҳтимол, тасодифий ўтиб кетаётган киши осмонга қараб: “Бугун қуёш ботиши жуда чиройли бўлди”, деб айтиши мумкиндир. Баланд тоғларда табиатнинг жозибаси ҳар бир сўнаётган қуёш нурлари билан бор қудратини намоён қилади.

Бу ранглар ўйини яна бир соат давом этди. Биз ейишни ҳам, ичишни истамас эдик. Барча фикрларимиз табиатга қаратилган эди. Аммо қуёш ботганидан кейин об-ҳаво ёмонлаша бошлади. Кучли шамол эсди, ҳарорат -15 даражагача тушди.
Қуёш ботишига мафтун бўлиб, чодирларни мустаҳкамлашга етарлича эътибор қаратмадик. Шунинг учун, тун уйқусиз ўтди. Кучли шамол чодир остига каттагина қорни суриб келди ва икки кишилик чодирни бир ярим кишиликкача сиқиб қўйди. Ёмон об-ҳавонинг бошланишидан икки соат ўтгач, чодирда икки кишининг бўлишига чидашнинг имкони бўлмай қолди.

Илҳом бир илож қилиб, ухлаб қолишга муваффақ бўлди. Мен эса туннинг қолган қисмида иложи борича, унинг устига ағанаб кетмасликка ҳаракат қилдим, чунки шамол чодирнинг айнан мен турган томонига қорни суриб келганди. Ташқарига чиқиб, иншоотни тузатишга имкон йўқ эди – шамол фақат тонгга яқин тўхтади.

Даҳшатли кечадан сўнг, ниҳоят “будильник” чалинди. Вақт эрталаб соат 4 – бизнинг йўлга чиқадиган вақтимиз келди.
Биз доим қишки саёҳатларда тунда чодирдан чиқиш, космосга чиқиш билан баробар деб ҳазиллашамиз. Чодирни очганимиз заҳоти уни қора музли туман қоплайди. Бизнинг қишки юришларимизнинг ажралмас қисми бу бир кечада музлаб қолган ботинкалар. Улар бир ўлчамга кичраяди. Оғриққа қарамай, пойабзални кийиш ва пойабзал эриб ўз ҳолига қайташини кутишга тўғри келади.


Тонгги кучли совуқ. Майин қор ёғаётган эди. Қалин булутлар бутун осмонни қоплаган, водий устига туман тушганди. Жуда қоронғу эди. Юлдузларнинг ёруғлиги ҳам, пастдаги шаҳар чироқларининг акси ҳам бу пардани ёриб ўтолмасди. Ҳатто фонарнинг ёруғлиги ҳам ҳавони беш метрдан узоқрок кесиб ўтолмасди.
Биз тоғ тизмасидан ўтиб, траверсга бурилиб, кейин қояли камар остига ўтишимиз керак эди. Кечаси тоғ тизмаси кундузи кўрингани каби силлиқ эмас эди. Қояли йўлакларга кўтарилиб, яна улардан пастга тушишга тўғри келди. Биз айланиб ўтолмасдик, чунки шамол ҳудудни ел билан ўраб олган эди. Биз худди вакуумда юргандек эдик. Туман бизни барча мўлжалимиздан айирди. Ҳар қандай ҳаракат GPSга қараб амалга ошириларди.

Юқори қор қопламини қурашда қор билан тўйинган ёки камроқ қор қалинлиги бўлган жойлар учраб туради. Бундай ҳолларда, йўл бошловчи ҳатто йўл маршрутдан чиқсада бу юпқа қатламни йўқотмасликка ва уни ушлаб туришга ҳаракат қилади.
Биз қор билан қопланган қояли йўллар бўйлаб нисбатан осон йўл билан юрдик. Йўналишнинг асосий чизиғидан чиқиб кетган жамоа, қор кўчиши хавфи катта бўлган кулуарга кириб қолди. Зулматда биз унга тушиб қолганимизни дарҳол англамадик ҳам.

Қояли чиқиш тугади ва биз эса юришда давом этаверардик. Қор белга қадар эди. Унинг оғир ва босиб турувчи тузилмаси қиялик беқарорлигидан огоҳлантирарди. Қатламдаги кичик бир силжиш ва биз шунчаки бу кулуарда қор остида қолиб кетардик. Вазият хавфлилигини англаб, тезда йўналиш чизиғига етиб бордик.

Икки соатдан кейин навбатдаги қояли камар остида кўтарилиш бошланди. Нишаб бурчаги тобора кескинлашиб борарди. Оёқ остида беқарор қулаб тушаётган тошлар, навбатдаги қопқонли тош-тошмалар сезилиб турарди. Биз тонг отишини интиқлик билан кутардик. Аммо қуёш нурлари ўрнига қалин туман ва қор бўрони келди.
Қопқон
қор қатлами билан яширинган тошлар орасидаги бўшлиқлар
реклама
реклама
Кўриниш даражаси кескин тушиб кетди. Биз вертикал қояларга максимал яқинлашдик. Тор кулуар – арра устига чиқишнинг ягона йўли юқорига кўтарилди. Мен қаттиқ қор тахталарини кесиб ўтиб, биринчи бўлиб кўтарилдим. Шамол тизманинг тепасида кўтарилиб, қорни супуриб ташлади. Музлар тананинг очиқ жойларига оғриқли тарзда уриларди.

Биз Сибирь циклонидан қочиб қутула олмадик. Тоғларни музли туман қоплади. Кейинги йўл қоялар бўйлаб ўтарди. Ҳар томондан тик ва тош қоялар бор эди. Бизда хато қилиш имкони йўқ эди. Аёз ва қор ёғиши вазифани анча қийинлаштирарди. Киприкларим музлай бошлади. Доим кўзни очиб-юмишга мажбур бўлдим.


Арра
қоянинг учбурчакли ёки ўткир чўққиси
Қор тахталари
Паст ҳарорат ва кучли шамол оқибатида баланд қор кўчкиларида юзага келадиган қалин қор қатлами. Қор тахталари катта ёшдаги одамнинг вазнини кўтара олади, лекин уларда махсус аслаҳаларсиз кўтарилиш жароҳатларга олиб келиши мумкин.
14 ноябрь, соат эрталабки 8.00 Биз тошли аррани синчковлик билан енгиб ўтдик ва тизманинг шарқий қисмида Шахтёр чўққисига – 3100 метр баландликка кўтарилдик.

Ҳеч биримиз бундай оғир об-ҳаво шароитини ва бундай совуқни кутмаган эдик. Кейинчалик об-ҳаво фақат ёмонлаша борди. Кейинги 6 соат давомида биз баландликдан ноль кўриниш шароитида – қор бўрони ва туманда тушдик.
Илк қишки саёҳат қароргоҳ жиҳозларининг камчиликларини кўрсатди. Биз қишки кўтарилиш учун парҳезни қайта кўриб чиқдик. Шубҳасиз, бу ҳар биримиз учун катта тажриба ва сабоқ бўлди. У бизга бу қиш мавсумининг кўплаб чўққиларига, совуқ кечалар ва қийинчиликларга тайёргарлик кўришда ёрдам берди.
Матн, фотосуратлар ва видео муаллифи: Шароф Эгамбердиев
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар муаллифга ва “Газета.uz” нашрига тегишли. “Газета.uz” ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг