Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида 12 гектар майдонда ҳарбий ва махсус техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа 11 январь куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот қилинган.

Лойиҳа 55 млн доллар миқдорида баҳоланмоқда, у Ўзбекистон миллий банки кўмагида Nurafshon-Maxsus-Texnika компанияси томонидан амалга оширилади. Лойиҳа ўзининг 16 млн доллар сармоясини ҳамда банкнинг 39 млн доллар кредитини жалб қилади.

Биринчи босқичда 2021 йилдан бошлаб ҳарбий техника ишлаб чиқариш мақсад қилинган — йилига 100 та енгил зирхли Tarlon ва Qalqon машиналари. Биринчиси колонналарни ҳимоя қилиш ва кузатиб боришга, санитар ташиш, муҳандислик ишларини ўтказиш, радиация, кимёвий ва биологик разведка ва оловли қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. Иккинчи машина ҳақидаги тафсилотларни олишнинг имкони бўлмади. Фақат президент матбуот хизмати эълон қилган суратлардан Qalqon машинаси ҳарбий-тактик мақсадларда фойдаланишга мўлжалланганини англаш мумкин.


Qalqon ҳарбий техникаси.

Иккинчи босқичда 2022 йилдан бошлаб махсус техника — ёқилғи ташувчи 200 та автоцистерна, 300 та трактор, 500 та юк ташувчи, 400 та ахлат ташувчи, 100 та қор тозалаш ва 20 та ўт ўчириш машиналарини ишлаб чиқариши режалаштирилмоқда

Техникаларни маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоизни ташкил этиши, йиллик талаб ҳажми 15 мингта техника, йиллик экспорт — 5 млн доллар бўлиши, ўзини-ўзи — 5 йилда қоплаши кутилмоқда.

Nurafshon-Maxsus-Texnika компанияси ҳақида


Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Nurafshon-Maxsus-Texnika 2019 йил 21 февралда Нурафшон шаҳрида рўйхатдан ўтказилган. Асосий фаолият тури — қурилиш металл конструкциялари ва маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳисобланади. Таъсисчи компаниялар сифатида Krantas Group (72%) ва To’ytepa Metall Qurilmalari (28%) кўрсатилган.

Krantas Group (таъсисчиси Мохир Каримов) саноатнинг турли соҳаларига ва қурилиш секторига махсус техникаларни, жумладан юк кўтарувчи, махсус, қишлоқ хўжалиги техникаси, самосваллар ва бошқаларни ишлаб чиқаради. Тўйтепа металлоконструциялари заводи эса 1964 йилдан бери қурилиш металл конструкцияларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади.