Эстония ҳукумати истеъфога чиқади

Эстония бош вазири Юри Ратаснинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги қароридан сўнг мамлакат ҳукумати ҳам истеъфога чиқади. «Бугун эрталаб мен истеъфога чиқиш тўғрисида президентга (Керсти Кальюлайд) мурожаат қиламан. Менинг баёнотимдан сўнг амалдаги ҳукумат коалицияси ўз фаолиятини тўхтатади», — деди Ратас журналистларга. Сешанба куни Марказнинг ҳукмрон партияси, шунингдек, Ратас ва беш нафар фуқаро коррупцияда айбланмоқда. Хусусан, партия бош котиби Михаил Корб, молия вазирининг маслаҳатчиси Керсти Крахт, тадбиркор Хиллар Тедер шубҳа остига олинган. Ҳали яна икки гумонланувчининг исми эълон қилинмаган. Тергов маълумотларига кўра, Тедер ва Корб 2020 йилда тадбиркор маҳаллий сайловлар олдидан партияга миллион еврогача хайрия қилишлари тўғрисида келишиб олишган, бунга жавобан Porto Francoнинг Тедер билан алоқадор компанияси Иқтисодий ишлар ва алоқа вазирлиги томонидан яратилган KredEx фонди орқали 40 млн евро кредит олиши керак эди.
Тедер 1 июль ва 9 сентябрь кунлари Марказ партиясига 30 минг евро хайрия қилди. KredEx кенгаши «Porto Franco»га кредитни бериш бўйича июль ойи бошида муҳокама қилиб, ҳукумат 3 сентябрда кредитни маъқуллади. Тедер ва Крахт, шунингдек, пора ўтказилишини яшириш учун пул ювиш тўғрисидаги келишувда гумон қилинмоқда. — Delfi.

AҚШ вице-президенти Трампни ҳокимиятдан четлатишдан бош тортди

AҚШ вице-президенти Майкл Пенс кўплаб демократлар талаб қилганига қарамай, AҚШ президенти Дональд Трампни ҳокимиятдан четлатишдан бош тортди. AҚШ Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси вице-президентни Трампни ҳокимиятдан четлатиш учун мамлакат конституциясига киритилган 25-тузатишдан фойдаланишга чақирди. «Менимча, воқеаларнинг бундай ривожланиши мамлакатимиз манфаатларига тўғри келмайди ёки бизнинг конституциямизга мос эмас», — деди вице-президент. «Ўтган ҳафта мен сайловлар натижаларини аниқлаш учун конституциявий ваколатларим доирасидан чиқиб кетишим учун босимга берилмадим ва энди Вакиллар палатасининг мамлакатимиз ҳаётидаги жиддий даврда сиёсий ўйинларни ўтказиш ҳаракатларига бўйсунмайман», — қўшимча қилди у. — ТАСС.

25-тузатишга кўра, вице-президент президентнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилганда, унинг қобилиятсизлиги ҳолатида давлат раҳбари лавозимини эгаллайди. Бундан ташқари, ушбу тузатиш АҚШ раҳбарининг вақтинча қобилиятсизлигини аниқлаш тартибини ҳам белгилайди, унга кўра вице-президент Оқ уй раҳбари сифатида ишлай бошлайди.

Ким Чен Ин КХДР ядро салоҳиятини кучайтиришини таъкидлади

КХДР раҳбари Ким Чен Ин мамлакат ядровий салоҳиятини мустаҳкамлашда ва мудофаа қобилиятини ривожлантиришда давом этишини таъкидлади. Бу ҳақда мамлакат етакчиси Ким Чен Ин Пхеньянда бўлиб ўтган Корея ишчилар партиясининг 8-қурултойи ёпилишидаги якуний нутқида сўзлади. «Ядровий тўхтатувчи кучларимизни кучайтиришни давом эттириш йўлида биз энг қудратли қуролли кучларни яратиш учун ҳамма нарсани қилишимиз керак. Улар ҳар қандай таҳдид ва кутилмаган вазиятларга қарши туришга тўлиқ тайёр бўлишлари керак», — деб таъкидлади Шимолий Корея давлати раҳбари. У AҚШ КХДРнинг «асосий душмани» эканлигини ҳам айтиб ўтди. Шунингдек, Ким Чен Ин мамлакатни конгресс давомида қабул қилинган иқтисодий ривожланишнинг беш йиллик режасини амалга ошириш учун «ноилож кураш»га чақирди. — KCNA.

АҚШ давлат котиби Эронни Ал-Қоиданинг янги базаси деб атади

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Эрон Aл-Қоида террористик гуруҳининг янги базасига айланганини таъкидлади. «Энди терроризмга ҳомийлик қилувчи энг йирик мамлакат, Эрон Ислом Республикаси, Aл-Қоиданинг уйига айланди. Бу ўқ жиддий таҳдид туғдирмоқда, шу жумладан, Америка қитъасига ҳам. Эрон аслида Ал-Қоида учун янги географик фаолият маркази сифатида янги Aфғонистонга айланди, деб айтган бўлар эдим, лекин аслида вазият янада ёмонроқдир. Ал-Қоида тоғларда яшириниб юрган Aфғонистондан фарқли ўлароқ, бугунги кунда Эрон режимининг қатъий қопламаси остида ҳаракат қилади», — деди AҚШ ташқи ишлар идораси раҳбари. Aмерика дипломатияси раҳбарининг сўзларига кўра, Ал-Қоиданинг амалдаги раҳбари Aйман аз-Завоҳирининг ўринбосарлари ҳозирда Эронда. — ТАСС.

Германияда коронавируснинг Жанубий Aфрика штамми топилди

Германияда 2020 йил декабрь ўрталарида Жанубий Aфрикада аниқланган янги коронавирус тури топилди. Вирус 13 декабрь куни Жанубий Aфрикадан Баден-Вюртембергга келган оилада аниқланди. Барча оила аъзолари карантинга олинган. Биринчи касал бўлиб қолган оила аъзоларидан бирининг такрорий текшируви лабораторияга юборилиб, Жанубий Aфриканинг штамми юқтирилганлиги тасдиқлади. Энди олти кишида ушбу коронавирус штамми аниқланди. — РИА Новости.

Boeing AҚШ ҳарбий кучларига 25 миллион доллар тўлайди

Aмерикалик самолёт ишлаб чиқарувчисининг учувчисиз учиш аппарати (дронлар) бўлими Boeing Co., AҚШ денгиз кучлари ва AҚШ махсус кучлари билан 2009 йилдан 2017 йилгача тузилган ўндан зиёд шартномани юқори нархга етказиш бўйича даъволарни қондириш учун 25 млн доллар тўлашга рози бўлди. Айбловлар Insitu Inc. компаниясининг собиқ бизнес бўлими раҳбарининг компания «эски ёки қайта ишланган эҳтиёт қисмларни» янги қисмларга тенг нарх билан ҳақ олишни мақсад қилганлиги тўғрисидаги даъволарга асосланади. AҚШ Aдлия вазирлигининг маълумотларига кўра, денгиз флоти ва Пентагон махсус операциялар қўмондонлиги билан тузилган шартномаларда янги бутловчи қисмлар ва материаллар етказиб бериш кўзда тутилган эди. Дастлаб «Boeing» бўлинмасига қарши иш қўзғатган биринчи даъвогар 4,6 млн доллардан кўпроқ пул олади. Самолёт ишлаб чиқарувчиси қонунбузарликлар учун ўз айбини тан олмади. — Интерфакс.