Мамлакатда ҳукумат қарори билан велосипедчилар учун хавфсиз муҳит яратиш, велосипед маршрутларининг миллий тармоғини ривожлантириш, Франция тажрибасини ўрганиш ва бошқа тадбирлар режалаштирилган.

Ҳукумат қарорига кўра, Транспорт вазирлигига 1 февралгача Ўзбекистонда велотранспорт соҳасини ривожлантириш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берилган.

Тошшаҳартрансхизмат мазкур хизматларни сифатли, аҳолига максимал даражада фойдали бўлишини таъминлаш мақсадида, аҳолидан талаб ва таклифларини йўллашларини сўрамоқда.

Таклифларни қуйидаги почтага юбориш мумкин: toshkent@mintrans.uz

Лойиҳа дастури қуйидагиларни ўз ичига олиши кўзда тутилмқода:

  • фуқароларнинг велосипедда ва бошқа шахсий воситаларда ҳаракатланиши учун тўсиқсиз ва хавфсиз муҳитни яратиш (шу жумладан, кўчаларнинг тартибга солинадиган ва тартибга солинмайдиган чорраҳаларини ташкил этиш, йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритиш, велосипед йўлакларини яратиш, велосветофорлар ва белгиларни ўрнатиш, велосипедлар тўхташ жойлари ва велосипедларни хавфсиз сақлаш учун шароитлар яратиш);
  • мамлакатнинг сайёҳлик шаҳарлари, дам олиш зоналари, қўриқхоналари ва маданий мерос объектларини бир-бирига боғлайдиган велосипед магистралларининг миллий тармоғини босқичма-босқич яратиш;
  • шаҳарлар ва вилоятларда велосипедлаштириш тадбирлари самарадорлигини баҳолаш ва ҳар йили мониторинг ўтказиш (индикаторларнинг сони, аҳолининг маълум сонига тўғри келадиган велосипедлар сони, тоифалар бўйича велосипед йўллари, велосипед чорраҳалари, велосипедлар тўхташ ва сақлаш жойлари) бўйича кўрсаткичларни жорий этиш;
  • велосипед ва бошқа шахсий транспорт воситаларини экологик тоза, соғлиқни сақлашни таъминловчи транспорт тури сифатида оммалаштириш ва тарғиб қилиш;
  • аҳоли ўртасида велосипед маданиятини шакллантириш.

Фармон билан Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоевга велосипедлаштириш дастури ишлаб чиқувчиларига «велосипед транспорти ва велосипед инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Франция тажрибаси билан танишиш» бўйича ёрдам бериш топширилди.

Бундан ташқари, элчи «велосипед инфратузилмасини ривожлантиришда, хусусан велосипед ишлаб чиқарувчилар ва бошқа хизмат кўрсатувчиларни ушбу соҳага жалб қилиш орқали Франция ҳукумати билан икки томонлама яқин бизнес ва ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш масаласини кўриб чиқиши» керак.

Шунингдек, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига профилактика инспекторлари ва оилавий поликлиникаларни велосипед билан таъминлаш бўйича кўрсатма берилди.