Жанубий Корея Ўзбекистон билан Эркин савдо шартномасини (ЭСШ) тузиш бўйича ишларни тезлаштиради. Бу ҳақда Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ўз мурожаатида маълум қилди.

«Биз Филиппин, Камбоджа ва Ўзбекистон билан ЭСШ музокараларини тезлаштириш орқали Янги Жанубий ва Янги Шимолий сиёсат бўйича алмашинув ва ҳамкорликни кенгайтирамиз», — деди у.

Ўтган йилнинг июль ойи охирида Сеулда икки мамлакат ўртасида эркин савдо тўғрисида битим бўйича жамоатчилик тинглови бўлиб ўтган эди.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 2,755 млрд долларни (импорт — 2,661 млрд доллар, экспорт — 93,6 млн доллар), 2020 йил январь-сентябр ойларида — 1,599 млрд долларни (импорт — 1,565 млрд доллар, экспорт — 34,1 млн) ташкил этган.

Август ойида Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сеулга 2020 йил охиригача ташриф буюриши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди, аммо ташриф амалга ошмади.

Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрь ойида Корея Республикасига ташриф буюрган эди. 2019 йил апрель ойида Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистонга ташриф буюрди.