2021 йилда Марказий банк ислом молияси концепциясини ўз ичига олган нобанк кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 11 январь куни AОКАдаги матбуот анжуманида Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев маълум қилди.

Бундай таклифни Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни бўлиб ўтган парламентга мурожаатида айтиб ўтди. Давлат раҳбари Марказий банкка молия бозорида рақобатни кучайтириш, шунингдек, ислом молияси механизмларини жорий этиш мақсадида ҳуқуқий асос яратиш учун 1 февралгача нобанк кредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга топшириқ берган.

Ислом банкинги (ислом банк иши) — бу шариат тамойилларига мос келадиган молиявий фаолият. Ислом банкингида кредит миқдори ва муддатига қараб ҳисобланган фоизлар ёки ставкаларни олиш тақиқланади. Ушбу тақиқ мусулмонларнинг ижтимоий адолат ва тенглик тўғрисидаги қонунлари билан изоҳланади.

Беҳзод Ҳамраев янги қонун молия бозорида рақобатни кучайтириши кераклигини таъкидлади. Нобанк ташкилотларга кўпроқ хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

Сентябрь ойи бошида «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди, аммо у ерда ислом молияси кўрсатилмаган.

2018 йил май ойида муҳокама учун тақдим этилган президент қарори лойиҳасида Ўзбекистонда ислом банк иши ва молия инфратузилмасини яратишни режалаштираётганлиги таъкидланган. Ҳужжатда фоизлар (рибо) шаклида мукофотни тақиқлаш, тадбиркор билан лойиҳадаги улушга мос равишда фойда ва зарарни тақсимлаш кўзда тутилган эди. Исломий молиялаштириш тамойиллари асосидаги суғурта фаолияти (такофул), лизинг фаолияти (ижара), қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялар (сукук) ва бошқаларни амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий актларни ишлаб чиқилиши ҳам кўзда тутилган эди.

Aввалроқ таҳлилчилар Карен Срапионов ва Шодлик Назаров «Газета.uz» ўқувчиларига ислом қимматли қоғозлар (сукук) қандай қилиб Ўзбекистон иқтисодиётига молиявий инъекция манбаига айланиши мумкинлигини тушунтириб беришган эди.