Ҳар бир бола оилавий муҳитда ва фаровонликда яшашга ва тарбияланишга ҳақлидир. Қаровсиз қолган болаларни оилаларга жойлаштириш муаммоси мамлакатимиз учун жуда долзарбдир. Етим болаларни оилаларга беришга кўмаклашиш ва фарзанд асраб олган оилаларни қўллаб-қувватлаш керак. Бугунги кунда Халқ таълими вазирлигининг маълумотларига кўра, 2047 меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан чин етимлар сони 316 тани ташкил этмоқда.

Фарзанд асраб олган ота-оналар нималарни ҳис қилишади? Нелли Каримова бола асраб олган икки ота билан уларнинг оилаларида бу жараён қандай кечганлиги, ота-оналар қандай тўсиқлар ва муаммоларга дуч келганликлари ва уларга қандай ёрдам керак бўлганлиги ҳақида суҳбатлашди.

Улкан масъулиятни ўз бўйнига олиш

«Биз тўйдан олдин ҳам хотиним билан фарзанд асраб олиш ҳақида гаплашардик», — дейди асраб олувчи Николай. — Аммо бу ҳақида биргаликдаги ҳаётимизнинг биринчи йилларида фаолроқ ўйлай бошладик. Қизимиз дунёга келганида, мен Санкт-Петербургда ўқирдим. 2006 йилда хотиним ва қизим билан Тошкентга қайтиб келдик ва фарзанд асраб олиш учун ҳаракатларни бошладик. Ҳужжатларни йиғдик, навбатда турдик ва 2008 йил октябрь ойида улар бизга қўнғироқ қилиб, янги туғилган чақалоқ ҳақида хабар беришди. Шу тарзда биз икки ажойиб фарзанднинг ота-онаси бўлдик. Бизнинг бу дунёда катта бир яхшилик қилиш истагимиз бор эди. Бутун дунёни севиш ва бағримизга босишнинг иложи йўқ, аммо бир инсонни бахтли қилиш, унинг тақдирини ўзгартириш мумкин".

Азамат, «Ота ҳаёти» блогининг муаллифи, ва унинг рафиқаси тўққиз фарзанднинг бахтли ота-онаси: «Бизнинг фарзанд асраб олишимиз узун тарихга эга. Болалар чақалоқ сўрашарди, биз эса ҳеч бўлмаганда битта болани асраб олиш ҳақида ўйлардик … Аммо баҳорда бир тасодиф билан биз бир болани бир кунга уйимизда меҳмон қилдик ва оиламизга бошқа боланинг кераги йўқлигини англадик. Кейин эса „Бу бола қандай юрибди экан?“ деган хаёллар узоқ вақт тинчлик бермади. У қийналаётган бўлса керак дея ташвишланардик. Ўша болаларнинг онаси ёзда, ҳали ҳаво илиқ бўлган вақтда кўчаларда юрар эди. Биз уларни кўрмасдик, лекин кузда, совуқ об-ҳавонинг бошланиши билан, биз уларни тасодифан кўчада учратиб қолдик ва уларни уйимизга олиб кетишга қатъий қарор қилдик, онаси бажонидил болаларни бизга берди. Ахир тушуниш керак, агар бу болаларга биз ғамхўрлик қилмасак, ким уларнинг ғамини ейди? Биз танлаб ўтирмадик, уччаласини ҳам олдик. Агар имконият бўлса ва яна болалар учраса, биз уларни ҳам оиламизга қабул қилсак керак».

Бола асраб олган ота-оналарга қандай ёрдам керак?

Оиласидан айрилган болалар учун муҳаббат ва ғамхўрликдан ташқари, уларни тушуниш ҳам муҳимдир. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларида кўпинча турли хил муаммолар «гулдастаси» бўлади. Болаларда асосий маиший кўникмалар мавжуд эмас ва нутқ билан боғлиқ муаммолар кузатилиши мумкин. Болалар барча муаммоларни ҳал қилишда ёрдам олишга одатланишган. Улар ўқиш учун руҳлантирилмаган ва ривожланишда тенгдошларидан ортда қолишган. Меҳрибонлик уйи ходимлари исташган тақдирда ҳам у ерда яшовчи болалар учун оилавий шароитларни таъминлай олмайдилар ва уларга ота-она меҳри нималигини кўрсатиб беролмайдилар.

Шу сабабли, фарзанд асраб олувчи ота-оналар бола янги, нотаниш ҳаёт тарзини рад қилган ҳолларда жиддий муаммоларга дуч келишади. Хатоликка йўл қўймаслик учун бола асраб олишга тайёрланаётган ва тажрибаси кам бўлган ота-оналар билимга муҳтож.

«Умуман олганда, мослашиш жараёни ҳар доим қийин», — дея ўз тажрибаси билан ўртоқлашди асраб олинган боланинг отаси Николай. — «Баъзан бироз осонроқ бўлиши мумкин. Ҳеч қачон осон кечмайди. Болани оилага қабул қилишга қарор қилган барча ота-оналар бунга тайёр бўлишлари керак. Шуни ёдда тутиш лозимки, оилага асраб олиш босқичида уйга келаётган бола ҳеч қачон «ўз фарзандинг»га ўхшамайди, у доимо ота-онасининг кутганидан фарқ қилади. Кўпинча бу фарқлар яхши томонга бўлмайди».

Николай аниқлик киритади: «Шуни эсда тутиш керакки, мослашиш жараёнинг икки томони бор. Бир томондан, бола янги оилага, янги муҳитга ва қоидаларга ўрганади. Бошқа томондан, ота-оналар янги оила аъзосига ўрганишади. Бола ҳам, оила ҳам ушбу босқичдан шараф билан ўтиши керак. Бир нарсани таъкидлаш лозимки, бола бунга тайёрланмаган, аммо фарзанд асраб олувчилар тайёр бўлиши керак. Бунинг учун болани асраб олишдан олдин, бундай одамлар тегишли машғулотларга боришлари мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун вақтни ёки маблағни тежаш керак эмас. Бу билимлар, албатта, фойда беради. Афсуски, биз бундай курсларга қатнаша олмадик. Ўшанда бу каби машғулотлар йўқ эди ва бу ҳақда бизга ҳеч ким айтмаган. Натижада, шахсан мен ўзимнинг ҳаётимда болани асраб олиш билан боғлиқ маълум бир инқирозни бошдан кечирдим. Ўша пайтда мен ўз ташвишларимни ким биландир ўртоқлашишни истардим, аммо ҳеч ким мени тушуниб, яхши маслаҳат беролмади».

«Мослашув жараёни осон эмас, бу боланинг табиати ва фарзанд асраб олувчиларга боғлиқ», дейди Азамат". — Турли хил даврлар мавжуд. Эр-хотин кундалик вазият муаммоларига қарамай, энг олий мақсадни кўришлари керак. Асосийси, болага меҳр билан ғамхўрлик қилишдир".

Мамлакатимизда бола асраб олувчи ота-оналар учун мактабларни яратиш керак, уларда юқори малакали мутахассислар ишлаши ва келажакда ота-онала асраб олинган болалар билан бўладиган муносабатлардаги қийинчиликларни енгишга ёрдам бериши, фарзандликка олишнинг ижобий томонларини кўрсатиш керак, шунда фарзанд асраб олган ота-оналар пайдо бўлган муаммоларни тезда ҳал қилишлари, шу ниятда бўлган бошқа ота-оналар билан ўз тажрибаларини ўртоқлашишлари мумкин. Етим учун оила бўлишдек эзгу истаги бўлган ота-оналар учун бу каби амалиётлар фалокатга айланмаслигининг олдини олишнинг энг мақбул йўли бу — эндигина бола асраб олган ота-оналарни қўллаб-қувватлаш, уларга боланинг янги оилани «рад этишига» қандай муносабатда бўлиш кераклигини уқтириш лозимлигидир.

«Психосфера» Маркази директори, New Way психология лабораторияси психолог-консультанти, ЮНФПА (БМТнинг аҳоли жамғармаси) гендер зўравонлик қурбонларини психологик реабилитация қилиш бўйича миллий мутахассиси Санжар Йўлдошев: «Болани ўз оиласига асраб олишга қарор қилган ҳар қандай оила дуч келадиган психологик муаммолар жамият маданияти билан, бошқалар ва қариндошларнинг мунособати билан, стереотиплар билан боғлиқ. Агар бола меҳрибонлик уйларида фаол ижтимоийлашув жараёнини бошлаган бўлса, эҳтимол янги ижтимоий ва моддий шароитларга мослашишда муаммолар бўлиши мумкин», дейди.

Экспертнинг фикрига кўра, агар болаларни асраб олувчи оилалар ташкилий, ҳуқуқий ва ижтимоий масалалардан ташқари, муҳим психологик муаммолар устида ишласалар, ушбу муаммоларнинг барчасини енгиб ўтиш мумкин. Одамларнинг нафақат «функционал», балки «эмоционал» ота-она бўлиш учун ички психологик тайёргарлиги муҳим аҳамиятга эга. Болани оиланинг тўлиқ аъзоси сифатида қабул қилишга тайёргарлик кўриш керак, бу оилавий афсоналарни яратишни, ота-оналик вазифаларини тўғри тақсимлашни, шундай оилавий урф-одатлар ва маросимларни ўтказишни ўз ичига оладики, унда болада ушбу оилавий тизимга тўла тегишли бўлиш ҳисси пайдо бўлади, дея қўшимча қилди руҳшунос.

«Ғарбда бола асраб олувчи ота-оналар махсус мактабда ўқитилиши каби амалиёт жорий қилинган», — дейди Санжар Йўлдошев. — Бизда, эҳтимол, бундай ижтимоий институтлар ҳали мавжуд эмасдир, аммо келажакдаги ота-оналар фарзанд асраб олиш ва болани оиладаги ҳаётида бирга одимлаш бўйича маслаҳат олишлари мумкин бўлган психологик марказлар мавжуд. Мен бўлажак ота-оналарга албатта оилавий психолог билан маслаҳатлашишни тавсия қиламан. Малакали оилавий психолог, биринчи навбатда, фарзанд асраб олувчи бўлажак ота-оналарнинг шахсини, оиланинг тузилмавий ва динамик хусусиятларини ўрганади, уларга биргаликда ҳаракат қилишда ва ижтимоий йўналтирилган қарор қабул қилишда ёрдам беради".

Бола асраб олишдаги тўсиқлар ҳақида

«Албатта, аввало, биз бировнинг боласини ўз оиласига қабул қилишга қарор қилган ҳар қандай оила дуч келадиган психологик муаммоларга тўхталишимиз керак, — дейди Николай, — бу жамият маданияти билан, бошқалар ва қариндошларнинг мунособати билан, стереотиплар билан боғлиқ. Агар ушбу муаммолар енгиб ўтилса, қолганлари мураккаблик туғдирмайди, гарчи кутиш ҳар доим ҳам осон кечмасада. Маъмурий муаммолар — муаммо эмас. Аксинча, уларни кичик синов деб аташ мумкин. Агар фарзанд асраб олувчилар барча ташкилотлардан сабр-тоқат билан ўтишса, бу фақат болани индивидуал фазилатлари ва эҳтиёжларини ҳам сабр-тоқат билан қабул қилишга тайёрлиги ҳақида дарак беради».

«Бизда биргина тўсиқ бор эди: болаларнинг онаси рўйхатда турувчи сил касалликлари диспансери шифокори қизалоқни аввал санаторийга, сўнгра, болаларга яхшироқ ғамхўрлик қилишларига ишонгани учун болалар уйига юборишга қарор қилди, — дейди Азамат. — Қизлардан бирининг биологик отаси узоқ вақт давомида уни онасига беришни хоҳламаган, у мунтазам ичган ва «ўгай қизи»га умуман аҳамият бермайдиган бошқа аёл билан бирга яшаган. Биз отасини аввал қизни даволанишга ётқизишга кўндирдик, у рози бўлди. Даволаш тугагандан сўнг, у ғойиб бўлди ва биз қизни ўзимизга олдик».

Қариндошлар ва дўстларнинг муносабати

Николай: «Мунособатлар бутунлай турлича эди. Баъзилар ҳали ҳам ўғлимиз асраб олинганига ишонмайдилар. Отам бармоғини чаккасида айлантириб қўйди, онам эса даҳшатли воқеаларни айтиб берарди. Оила ва дўстларнинг мунособатлари руҳлантириши ёки тушкунликни келтириб чиқармаслиги керак. Қарор фақат эр ва хотин (шунингдек, оиладаги катта фарзандлар) томонидан қабул қилинади ва фақат уларгина жавобгардирлар. Шунинг учун болани асраб олиш масаласида фақат мустақил равишда қарор қабул қила оладиган ва жавобгарликни ўз зиммасига олган оилалар қарор қилиши керак. Биз бундай оилаларни манбали оилалар деб атаймиз. Бундай оилаларда мустаҳкамлик захираси етарли бўлиши керак».

Азамат: «Қариндошлар қарорни қўллаб-қувватладилар, аммо ҳамма ҳам эмас. Баъзилар, меҳрибонлик уйлари — бу табиий ҳол деган фикрда эдилар. Дўстлар ва қариндошлар бизнинг қароримизга ҳурмат билан мунособат билдиришди».

Бола асраб олиш қайси босқичларни қамраб олади

Николай: «Ўйлаб олиш ва қарор қабул қилиш».

Азамат: «Менимча, биринчи навбатда, ота-онасиз болага ўз меҳрини ва ғамхўрлигини бериш учун турмуш ўртоқларнинг биргаликдаги қарори. Қийинчиликларга қарамай қабул қилинган қарорга интилиш ва содиқ қолиш. Мақсадга эришишда, ҳужжатларни йиғишда қатъиятлилик. Турмуш ўртоқларнинг ўзаро қўллаб-қувватланиши».

Асраб олинган болани тарбиялаш қанчалик қийин

Азамат: «Ҳа, беихтиёр юракнинг тубида «ўзимники» ва «бировники» деган ажратиш бор ва агар сиз ажратаётганингизни ҳис қилсангиз, сиз ажратмасликка, адолатли ва меҳрибон бўлишга интилишингиз керак. Болаларни ажратаёганингизни тушунмаётган бўлсангиз, бу каби ҳисни кечирмаётган бўлсангиз — бу биринчи ҳолатданда ёмонроқ. Ундан ташқари, «бегона» боланинг баъзан сизга таниш бўлмаган ўз ҳаётий ҳикояси борлиги билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам бор. Баъзида эса болада кутилмаган «хотиралар» ва унга муносабат уйғонади.

Николай: «Агар биз „бегона“ бола ҳақида гапирадиган бўлсак, бу жуда қийин. Аммо асраб олинган бола бегона бўлмаслиги керак. Уни қабул қилиш керак — биринчи навбатда, юракка. Бегона бола ўз фарзандингиз, севимли, вужудингизнинг бир парчаси бўлиши керак. Мен ўзим худди шу муаммога дуч келдим. Аммо бир машҳур ҳақиқат менга ёрдам берди — биз қалб қўримизни берганларнигина яхши кўрамиз».

Давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам ҳақида

Николай: «Биз давлатдан ҳеч нарса олмадик. Фарзандимизни асраб олганимиздан буён ҳеч ким қўнғироқ қилмади, ҳеч ким келмади. Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Давлат кўмаги фақат патронат расмийлаштирган оилаларгагина берилади. Асраб олувчилар ва васийлар давлат томонидан қўллаб-қувватланмайдилар. Бизнинг фикримизча, давлат мослашиш ҳолатидан қатъи назар, бундай оилаларни жуда яхши қўллаб-қувватлаши керак. Аслида, бу ота-оналарнинг барчаси давлат муаммосини ҳал қилишади — улар катталар қарамоғисиз қолган болаларга ғамхўрлик қилишади. Бу болаларнинг барчаси шу мамлакат фуқаролари ва давлатнинг кўмагига ҳақлидирлар. Ёрдам нафақат етарли молиявий кўмакни, балки тиббий ёрдам, психологик кўмак ва бошқа мутахассисларнинг ёрдамини ҳам ўз ичига олиши керак. Буларнинг барчаси қўл етар даражада тизимланган бўлиши лозим. Асраб олувчи ота-оналар ўзларининг қийинчиликлари билан ёлғиз қолмасликлари керак.

Азамат: «Бизга ҳеч қандай ёрдам беришмади. Афсуски, давлат, аниқроғи, мансабдор шахслар алоҳида болалар ҳаётида содир бўлаётган воқеалар билан қизиқишмайди».

Асраб олинган болалар ўзларининг биологик ота-оналарини билишлари керакми?

Николай: «Бизнинг ўғлимиз асраб олинганлигини билади, лекин у ўзининг биологик ота-онасини билмайди. Бунинг сабаби унинг жуда ёшлигида асраб олинганлиги ва туғилганлиги заҳоти ташлаб кетилганидир. Аммо ҳар доим ҳам шундай бўлмайди. Кўпинча болалар ота-оналарнинг ота-она ҳуқуқларидан маҳрум бўлганлиги сабабли меҳрибонлик уйларида яшай бошлайдилар. Бундай ҳолда тарбияланувчилар ота-оналарини билишади ва эслашади».

Азамат: «Билмайман, барчаси болага қандай таъсир қилишига, бунинг унга қандай нафи тегишига боғлиқ».

Асраб олишда энг мураккаб жараён ҳақида

Азамат: «Мослашув жараёни».

Николай: «Охиригача боришга тайёр бўлиш. Бу шунчаки кучли ибора эмас. Бу ҳақиқат! Асраб олувчи ота-оналар боланинг барча ноодатий одатларига тайёр туришлари керак. Асраб олинган бола — бу ҳаётида кўплаб жароҳатларни бошдан кечирган бола. Унинг душманлик муҳитида омон қолишига тўғри келган. Эҳтимол, у очликни, совуқни, эҳтиёжларининг эътиборсиз қолишини, эксплуатация қилинишини, жинсий зўравонликни бошидан кечиргандир. Буларнинг барчаси боланинг руҳиятида акс этади. Натижада, у жисмоний ва руҳий жиҳатдан ривожланишдан орқада қолади, тенгдошлари билан дўстона муносабатда бўлишга ўрганмаган ва ҳоказо. Шундай экан, бола асраб олишдан олдин, ўзингиз учун охиригача боришга тайёрлигингизни ҳал қилишингиз керак.

Бола асраб олмоқчи бўлганларга тилаклар

Николай: «Шошилманг. Болани асраб олиш истаги жуда зўр ва мақтовга сазовор. Мен кўп бахтли оилаларни биламан ва болалигида асраб олинган бахтли ва тўлақонли катталарни биламан. Бироқ, нима бўлганда ҳам бу масалани ўрганиш учун вақт ажратинг, асраб олувчи ота-оналар учун махсус курсларга қатнанг, бошқа бола асраб олинган оилалар билан танишинг, бу каби ота-оналарнинг йиғинларига ташриф буюринг, улар нима ҳақида суҳбатлашаётганларига, нималар билан ўрттоқлашаётгани, қандай муаммоларга дуч келаётганлари, уларни қандай ҳал қилишлари, қандай қилиб бир-бирига ёрдам берганига қулоқ тутинг».

Азамат: «Биринчидан. Қарор қабул қилдингизми — барча қийинчиликларга қарамай қатъий ва содиқ бўлинг. Иккинчи. Болани ўзингиз учун эмас, балки бола учун қабул қилинг. Ўзингизнинг мотивларингизни таҳлил қилинг. Учинчидан. Сиз нимани эксангиз, шуни ўрасиз, шунинг учун болада севги, раҳм-шафқат ва қувонч уруғларини етиштиринг. Тўртинчидан. Исонинг олтин қоидаси бор: „Сизга қандай муносабатда бўлишларини хоҳласангиз, сиз ҳам одамларга шундай муносабатда бўлинг“, шунинг учун қандай муносабат кўришни хоҳласангиз, болага шундай муносабатда бўлинг».

Болаларнинг Меҳрибонлик уйларига тушмасликлари учун қандай чоралар кўриш зарур

Николай: «Аксиома бор: бола учун энг яхши муҳит биологик оилададир. Агар биз унга қандай ёрдам бериш ҳақида ўйлаётган бўлсак, унда қийин ҳаётий шароитдаги оилаларни аниқлаш ва ушбу оилаларга ҳақиқий ёрдамни кўрсатиш керак. Аксарият ҳолларда бундай оилалар Меҳрибонлик уйлари учун «донорлар"дир. Агар биз бир оилага боласини парвариш қилишда ёрдам берсак, унда битта ташлаб қўйилган бола камроқ бўлади, эҳтимол кўпроқ.

Агар оилага ёрдам бериш имкони бўлмаса ёки боланинг ота-онаси вафот этган бўлса, унда яқин қариндоши (бувиси, бобоси, амакиси, холаси, опаси ёки укаси)га кўмаклашиш керак. Бола биологик оиласига қанчалик яқин бўлса, унга ота-онаси билан айрилиқни енгиб ўтиш осонроқ бўлади.

Агар бу натижа бермаса, унда бундай болани уни қабул қилишга ва унга ғамхўрлик қилишга тўлиқ тайёр бошқа оилага мослаштириш керак. Бу патронат, васийлик ёки асраб олиш бўлиши мумкин. Аммо бу пункт мамлакатдаги етимлик муаммосининг ечими эмас. Дастлабки иккита пункт амалга ошмаган тақдирдагина мазкур қарор берилиши керак. Бошқа вариант йўқ. Агар бола ҳақида ўйласак ва унинг тақдири билан ҳақиқатан ҳам қизиқсак, бошқа йўлнинг ўзи мавжуд эмас".

Азамат: «Фарзандликка олиш устидан назоратни кучайтириб, фарзанд асраб олувчилар учун асраб олиш жараёнларини манфаатли қилиш, болалар уйларига альтернатива яратиш мумкин. Чунки кўпинча фарзанд асраб олишни истаганлар учун „Қандай қилиб болани боқаман?“ деган ҳақли савол туғилади. Кўпчиликнинг фикрича, ҳозирги қийин замонда шундоқ ҳам кун кўриш мушкул. Асраб олувчи ота-оналар учун „танлаб олишлари“ учун (гарчи қўпол эшитилсада) болаларнинг маълум бир реестрини яратиш керак, шунингдек, потенциал асраб олувчи ота-оналар болаларнинг борлигини ва уларнинг кўплари ота-она меҳри ва муҳаббатига муҳтожлигини билишлари керак».