11 январь куни Корея Республикаси президенти Мун Чже Ин мамлакатнинг барча фуқаролари коронавирусга қарши бепул эмланишини маълум қилди, деб ёзади The Korea Times нашри Yonhap агентлигига таяниб. Жараён кейинги ойдан бошланиши режалаштирилган.

Президент ўзининг янги йил табригида 2021 йил пандемия инқирозидан «қутулиш», ижтимоий тенгсизликни камайтириш учун «инклюзивлик» ва Жанубий Кореяни етакчи давлатга айлантириш йили бўлишини айтди.

11 январь куни Жанубий Кореяда Covid-19 билан касалланганлар сони 451 нафарни ташкил этди. Касалланганларнинг умумий сони 69,1 минг кишига етди, Covid-19 асоратидан вафот этганлар сони 1140 нафар.

Касалликлар сонининг пасайиши 3 январдан бошлаб кузатилмоқда, ўша куни 1000 дан ортиқ ҳолатлар қайд этилган эди. Касаланиш камайишига 17 январгача киритилган ижтимоий масофаланиш чора-тадбирлари ёрдам берди.

The Korea Times газетаси, шунингдек, Жанубий Кореяда бу йил грипп билан касалланиш даражаси ўтган мавсумга нисбатан сезиларли даражада камлигини ёзмоқда.

Мамлакатда 14 миллион одам гриппга қарши бепул эмланди. Бироқ коронавирусга қарши кенгайтирилган ҳимоя чоралари — ниқоб тақиш, масофани сақлаш ва шахсий гигиенага риоя қилиш катта аҳамият касб этади, дейди мутахассислар.