Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги баъзи ўқувчилар 11 январдан бошлаб масофадан ўқишни давом эттириши мумкинлигини маълум қилди.

Аввалроқ, учинчи чоракдан бошлаб барча мактаблар анъанавий таълим турига ўтиши белгиланганди. Ушбу эълон «ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозлар ва мунозараларни» келтириб чиқарди, деб тан олади вазирлик.

«2020 йилда мамлакатимиздаги мактаблар санитария-эпидемиология ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ўз фаолиятини босқичма-босқич бошлади. Қишки таътил бошланишидан олдин ўқувчиларнинг 90 фоизи анъанавий таълим турига қайтишди. Бизнинг мақсадимиз ўқувчиларнинг қолган 10 фоизини ҳам қамраб олиш эди», — дейилади хабарда.

Халқ таълими вазирлиги ҳавотирга ўрин йўқ эканлигини, уйида касаллик тарқалишига ҳавотир катта бўлган, кекса одамлари бор ҳамда саломатлигида сурункали хасталиги бўлган ўқувчиларнинг таълим олиши учун параллель равишда «Онлайн-мактаб» лойиҳаси ҳам давом эттирилишини маълум қилди.

Вазирлик ўқувчилар ўртасида ўтказилган сўровномалардан иқтибос келтирган ҳолда карантин даврида ўқувчиларнинг ўқитувчилари ва тенгдошлари билан ўзаро бевосита мулоқот етишмагани аниқланганини маълум қилди. «Мактабга бормаётган ўқувчилар эса, афсуски, ана шундай имкониятдан маҳрум бўлиб қолмоқда, бола учун дўстлари билан доимий мулоқотда бўлиш ва улар билан бир жамоа бўлиб таълим олиш жуда муҳим, ҳеч қандай энг замонавий технология айнан шу муҳитни бола учун таъминлаб бера олмайди».

ХТВ ўз фарзандларини мактабга юбормайдиган ота-оналарни уйда ўқиш учун барча зарур шароитларни яратиб бериш ва бу жараённи тўлиқ назорат остида ўтказишга чақирди.