10 январь куни соат 17:10 да Жиззах шаҳар Мустақиллик кўчасида «Чорвадор-Қоракўл-Барака» МЧЖ қураётган кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди.

Ҳукуматнинг тегишли фармойиши билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Комиссия таркибига прокуратура, ФВВ, Қурилиш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва бошқа вазирликлар, идоралар, экспертлар ҳамда лойиҳа ташкилотлари киритилган.

Ҳукумат комиссияси 6 қаватли уйнинг қулаб тушиш сабаблари, бунга омил бўлган ҳолатлар, лойиҳа ҳамда пудратчи ташкилот томонидан уйнинг барпо этилиши даврида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилганини ўрганади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалдаги норматив-меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклиф киритади.