Президент Шавкат Мирзиёев «Фориш» тоғ полигонига ташриф буюриб, унинг янгиланган инфратузилмаси ва Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлиги билан танишди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари 2018 йил март ойида мазкур ҳудудда бўлиб, бу ерни намунавий полигонга айлантириш, янги концепция ишлаб чиқиб, Ўзбекистондаги барча ҳарбий полигонларни модернизация қилиш бўйича топшириқлар берган эди. Шулар асосида ушбу махсус ўқув-синов майдони замон талабларига мослаштирилди, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган энг илғор шароитлар яратилди.

Полигон ҳудудида қурилган объектлар ҳақида дастлаб жой макети орқали маълумот берилди. Давлат раҳбари ҳарбийлар ётоқхонаси, сузиш ҳавзаси, спорт залидаги шароитлар билан танишди ва полигондаги қўшинлар ихтиёридаги замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни кўздан кечирди.

Шу ерда шахсий таркиб билан мулоқот бўлди. Президент дунёда ахборот хуружи тобора авж олаётган бугунги кунда Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини таъкидлади.

«Бу полигон халқаро стандартларга мос бўлиши керак. Аскар ва зобитларни тайёрлаш шунга мувофиқ бўлиши зарур. Бунинг учун сифат, жанговар маҳоратга алоҳида эътибор қаратиш лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ҳарбийларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.

Президент қўшинларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Шундан сўнг давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.