Гидрометеорология хизмати маркази бош директори Шерзод Ҳабибуллаев АОКАда бўлиб ўтган брифингда 2021 йилда соҳада амалга оширилиши кутилаётган устувор вазифалар ҳақида маълумот берди.

Гидрометеорология хизматининг асосий фойдаланувчиси давлат ташкилотлари, йирик кластер ҳамда фермерлар ва албатта инвесторлардан иборатлиги айтилди.

«2021 йилда гидрометеорология хизмати сифатини оширишга асосий эътибор қаратилса, 2022 йилда давлат маблағларини 30 фоизга камайтириш режалаштирилган. 2021 йилда маълумотларни сотиб олиш жараёнига ўтиш режалаштирилмоқда. Яъни, давлат хизматларидан ташқари хусусий секторни шакллантириш назарда тутилмоқда», — деди директор.

У шунингдек, ЎзМуда Россия Гидрометеорология университетининг шу йўналишдаги факультети очилишини маълум қилди.

Бундан ташқари, янги геопортал тизими тест режимида ишга туширилаётгани, унинг ёрдамида картада хавфли зона ва ҳудудлар киритилиши ҳамда огоҳлантириш тизими йўлга қўйилиши таъкидланди.