Ҳукуматнинг 8 январдаги «Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.
Ҳужжат билан Хотин-қизлар муаммоларини «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ватинчалик тартиб тасдиқланди.
Унга кўра, ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай «Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:
- ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин қизлар;
- боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
- ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
- уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
- нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жойи мавжуд бўлмаган хотин-қизлар;
- қарамоғида бир ёки ундан ортиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар;
- тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар (ўзи ва биргаликда яшовчи оила аъзолари оғир ижтимоий вазиятда бўлган, сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган, етарли дамромад манбаига эга бўлмаганлар);
- ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар;
- психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар).
«Аёллар дафтари» қуйидаги тартибда юритилади:
Хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ҳар ярим йил биринчи ойининг дастлабки 15 кунида уйма-уй юриб ўрганилади.
Хотин-қизларнинг муаммолари анкета-сўровнома орқали аниқланиб, аниқланган муаммолар 3 кундан ошмаган муддатда хотин-қизларнинг шахсий индивидуал анкеталарига киритилади.
Шунга кўра, 1 кун муддатда индивидуал анкеталар кўриб чиқилади.
Шундан кейин 3 кундан ошмаган муддатда анкета маълумотлари идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади.
«Аёллар дафтари»га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган «Йўл харитаси» лойиҳаси 7 кундан ошмаган муддатда Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига киритилади.
Тасдиқланган рўйхатлар 3 кундан ошмаган муддатда Маҳалла ягона ахборот тизими дастурига киритилиб, шу асосда вақтинчалик тартибда белгиланган хизматлар кўрсатилади.