Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов АОКАда бўлиб ўтган брифингда 2020 йилда соҳада амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб, 2021 йилги режалар ҳақида ахборот берди.

«Тиббиёт соҳасида IT-технологияларни жорий қилиш, жумладан „Ягона тез тиббий хизмат“ ахборот тизимини ташкил этиш орқали фуқаролар мурожаатларини қабул қилишга сарфланадиган вақтни икки баробарга қисқартиришга эришилди. Тошкент шаҳридаги 88 та оилавий поликлиникада „Электрон поликлиника“ ахборот тизимлари жорий этилди», — деди вазир.

«Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси бўйича келгуси 3 йилда ҳудудлар ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш бўйича 1627 та лойиҳа амалга оширилади.

«Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш бўйича 2020−2022 йилларда 42 та вазирлик ва идорада жами 260 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш бошлаб юборилган. Қатор лойиҳалар 2020 йилнинг ўзида якунига етди. „Рақамли Тошкент“ дастури доирасида 30 дан зиёд ахборот тизимини яратиш ва интеграциялар лойиҳаси амалга оширилмоқда», — деди Содиқов.