АОКАда ўтказилган брифингда транспорт вазири вазифасини бажарувчи Илҳом Маҳкамов Ўзбекистонда жамоат транспортида мавжуд муаммолар ҳақида маълумот берди.

«Хатловга кўра, 9145 аҳоли пунктининг 1115 таси жамоат транспорти билан қамраб олинмаган. Шунингдек, 4068 йўналишнинг 374 тасида қатновлар тўхтаб қолган. Шу мақсадда йўналишларни белгиловчи тендерларни 100 фоиз электрон тизимга ўтказдик. Шунингдек, рентабеллик умуман паст бўлган тақдирда, уларни субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаяпмиз», — деди Маҳкамов.

У 2021 йилда вилоят марказларида жамоат транспортининг моделлаштирилган бош режаси ишлаб чиқилиши ва бунга халқаро экспертлар жалб этилганини қўшимча қилди.

«Ўзбекистонда жамоат транспортини янгича асосда ривожлантириш бўйича ишлаяпмиз. Аҳоли сони, зичлиги, ижтимоий объектлар, таълим муассасалари ва бошқа факторлардан келиб чиқиб, барча жамоат транспорти йўналишларини қайта кўриб чиқиб, илмий асосда янги йўналишларни йўлга қўйишимиз лозим», — деди Илҳом Маҳкамов.