Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда энг кенг тарқалган тутунсиз тамаки шакли носвойдир. Нос чекишнинг инсон саломатлигига салбий таъсири, Ўзбекистонда ва жаҳон мамлакатларида неча фоиз одам носга ружу қўйганлиги ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Шукуров гапирди.

Нос таркиби ва унинг тайёрланиши

Нос тўқ яшил ёки сарғиш яшил мураккаб таркибли моддалар аралашмасидан иборат. Асосан бу маҳсулот уй шароитида санитария қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда турли усулларда тайёрланади. Уни тайёрлаш усулини кўрган, таркибида қандай моддалар борлиги билган киши нос чекишдан воз кечиши турган гап.

Унинг таркибида тамаки япроғи, кул (ғўзапоя ёки бошқа ўтинлар кули), ўсимлик мойи (пахта ёки кунжут мойи), сўндирилган оҳак ҳамда ширин таъм берувчи қўшимчалар бўлади. Агар инсонга ушбу маҳсулотлар: қурилиш оҳаги, кул, тамаки япроғини берсангиз истеъмол қилишни хоҳлармиди? Аммо мамлакатимизда нос чекувчи инсонлар сони жуда кўп, айниқса ёшлар орасида.

Ўзбекистонда носвой бозорларда, кўчаларда ва таълим муассасалари олдида очиқ сотилади. Натижада носвойнинг битта порцияси нархи фильтрли сигареталар нархидан тахминан 4−5 баравар паст бўлиб, бу унинг ёшлар учун ҳамёнбоплигини таъминлайди.


Носвойни ишлаб чиқариш ва сотишни чеклаш бўйича ҳеч қандай қонун ҳужжати ва кўрсатма мавжуд эмас. Энг ачинарлиси, мунтазам тутунсиз тамаки истеъмол қилувчи минглаб инсонлар бевақт ўлим хавфига дучор бўлмоқда.

Носнинг инсон организмига салбий таъсирлари ҳақида

Нос психоактив моддалар қаторига киради ва марказий асаб тизимига таъсир кўрсатиб, руҳан ва жисмонан кучли қарамликни юзага келтиради. Нос қонга сўрилиб, бош мия, жигар, буйрак, ошқозоности бези ва бошқа органларни фаолиятига салбий таъсир этиб, шу аъзоларнинг касалланишига сабаб бўлади. Шунингдек, оғиз бўшлиғида сўлак безлари фаолиятининг бузилишини юзага келтиради.

Нос оғиз бўшлиғи, халқум, қизилўнгач ва ошқозонга тўғридан тўғри таъсир этиб, шиллиқ қаватларни доимий шикастлайди ва шу таъсир натижасида шиллиқ қаватларда саратон касаллиги ривожланишига олиб келади. Бу касалликка учраганларнинг 95 фоизи носга ружу қўйгани илмий жиҳатдан исботланган.

Бундан ташқари, носвой истеъмол қилиш юрак-томир касалликлари ва сурункали гипертонияга олиб келиши мумкин, ҳомиладорлик пайтида истеъмол қилинганда ўлик бола туғилиши, муддатидан олдин туғилиш ва кичик вазндаги бола туғилиши хавфини оширади.

Носвой истеъмол қиладиган эркакларда бепуштлик, оғиз ва милкларнинг яллиғланиши, милклар атрофияси, кариес каби касалликлар кузатилади. Нос ўсмирларнинг руҳий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, хотира ёмонлашига, жиззаки бўлишига ҳамда дарсларни ўзлаштириши кескин пасайишига олиб келади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда трахеяда (ўртача 3,9 марта), оғиз бўшлиғида (ўртача 3,8 марта), милкларда (3,1 марта), қизилўнгачда (2,5 марта), ошқозонда (2,0 марта), бурун-ҳалқумда (2,0 марта) хавфли ўсмалардан ўлим 30−69 ёшдаги эркаклар ўртасида шу ёшдаги аёлларга қараганда анча кўпроқ учрайди, бу эса носвой ва бошқа тамаки маҳсулотлари истеъмол қилиниши билан бевосита боғлиқ.

Ўзбекистонда ҳар куни тутунсиз тамаки истеъмол қилувчи 1,7 миллион кишининг 860 мингдан ортиғи носвой истеъмол қилиниши туфайли бевақт ўлим хавфига дучор бўлади. Агар тегишли чоралар кўрилмаса, бу рақам янада кўтарилиши мумкин.

Ўзбекистонда нос чекувчилар сони ва ўсиш сурати

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда катта ёшдаги кашандаларнинг сони 1,1 миллиард бўлиб, улардан камида 367 миллион киши тутунсиз тамаки истеъмол қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2014 йилда ЖССТ билан биргаликда юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омилларини ўрганилганда қуйидагилар аниқланди: Ўзбекистон аҳолисининг 12 фоизи, эркакларнинг 23,2 фоизи, яъни ҳар тўрттадан биттаси, аёлларнинг 0,2 фоизи носвой истеъмол қилади. Тутунсиз тамаки истеъмолчиларининг 90 фоизи носвой истеъмол қилади.

Бу Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ўртасида носвой истеъмол қилиш кўрсатичининг энг юқорисидир: Қирғизистонда — 5,2 фоиз, Қозоғистонда — 1,3 фоиз, Туркманистонда — 1,4 фоиз.

Бундан ташқари, тутунсиз тамаки маҳсулотларининг 13−15 ёшдаги ўсмирлар орасида истеъмол қилинишининг даражаси ҳам Ўзбекистонда қўшни мамлакатларга қараганда энг юқоридир (6%), (бу кўрсаткич: Қирғизистонда — 5,1 фоиз, Тожикистонда — 1,8 фоиз, Қозоғистонда — 0,6 фоиз, Туркманистонда — 0,2 фоиз).

Носвой ишлаб чиқариш ва сотишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси

Австралия, Сингапур, Бахрайн, Бутан, Бирлашган Танзания Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларда тутунсиз тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган.

Европа Иттифоқининг Швециядан ташқари барча мамлакатларида тутунсиз тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган. Бир қатор МДҲ мамлакатларида (Беларуссия, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Туркманистонда) ҳам носвой ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланган. Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида тутунсиз тамаки маҳсулотларини бутунлай тақиқлаш ҳақидаги келишув лойиҳаси кўрилмоқда.

Носвойнинг инсон саломатлигига катта зарар келтираётгани учун тегишли идоралар томонидан мамлакатимизда тутунсиз тамаки маҳсулотларини, жумладан нос айланмасини тақиқловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, тутунсиз тамаки маҳсулотларининг инсон организмига зарарли эканлиги борасида аҳоли орасида мунтазам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини баҳолашича, Ўзбекистонда тамаки истеъмолини қисқартириш чоралари иқтисодий жиҳатдан фойдали ҳисобланади. Тамакига қарши курашиш бўйича ҳар бир инвестиция қилиб киритилган сўмдан дастлабки беш йилда 7,3 сўм ва кейинги 15 йилда 13,0 сўм фойда олиш мумкин.

Тамакига қарши курашнинг самарали чоралари кўрилган тақдирда Ўзбекистон қисқа муддатли истиқболда (5 йил) ҳар йили 206,6 млрд сўм миқдорида (шу жумладан аҳолининг бўшайдиган ва ўзлари фаровонлигини оширишга қаратиладиган маблағлари), ўрта муддатли истиқболда (10 йил) — 219,8 млрд. сўм ва узоқ муддатли истиқболда (15 йил) — 233,0 млрд. сўм миқдорида тўғридан-тўғри фойда олиши мумкин. Натижада тамаки истеъмолчиларида қўшимча ресурслар пайдо бўлади, улар ўз навбатида халқ истеъмоли товарлари ва хизматларга талабни оширади.

Лекин аввало, бундай маҳсулотларнинг инсон саломатлиги учун хавфли эканини аҳолининг ўзи теран англаб етиши зарур. Шундагина бу борада ижобий натижаларга эришишимиз мумкин.