Наманган вилоятининг Давлатобод туманидаги Шимолий Фарғона канали устида қурилаётган кўприк 8 январь куни соат 11:00 атрофида қулаб тушган. Ушбу ҳолат юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, узунлиги 37 метр, эни 3 метр бўлган ва пиёдалар қатнови учун мўлжалланган кўприк маҳаллий тадбиркор томонидан «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳига келувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида қурилган. Бунинг учун давлат бюджетидан маблағ сарфланмаганлиги, тадбиркор Маъруфхон Ҳожихонов шахсий маблағи ҳисобига қурганлиги айтилмоқда.

«Дадамнинг васиятларига кўра „Ўн бир Аҳмад“ зиёратгоҳига келадиганлар қийналмаслиги учун шу ишга қўл ургандим. Кўприк тайёр бўлганидан кейин шу атрофдаги автотураргоҳда бир ҳафта 5 тоннадан ошиқ юк қўйилган ҳолатда турди, қилт этмади. Кейин жойида синаб кўрдик. Ҳаво ҳарорати пасайиб, каналдаги сув оқими кўпайгани сабабли ҳали ишимиз охирига етмаган эди», — дейди тадбиркор.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Кўприк қурилиши дастурларга киритилмаган, бюджет маблағи ҳам сарфланмаган. Тадбиркор Маъруфхон Ҳожихоновнинг ташаббуси ва шахсий маблағи ҳисобидан қурилаётган, ҳали якунига етмаган эди», — дея маълум қилди «Наманган кўприклардан фойдаланиш» унитар корхонаси раҳбари Санжарбек Шодмонов.

Таъмирлаш ишларига икки ҳафта атрофида вақт талаб этилиши кутилмоқда.

Кўприк қулаши натижасида қурбонлар ёки жабрланганлар йўқ.