Маданият вазири Озодбек Назарбеков 8 январь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳокимиятлар томонидан маданият объектларини тадбиркорларга бериб юбориш ҳолатлари кузатилганига тўхталиб ўтди.

«Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида 8 тадан, Фарғона вилоятида 13 та, Тошкент шаҳрида 3 та маданият объектлари маҳаллий ҳокимликлар томонидан Маданият вазирлиги билан келишмаган ҳолда балансига ўтказиб, сотиб юборилган. Мана шу 2020 йилда бўлиб ўтган камчиликлар. Умуман, ушбу қонун бизни бошқа идора ва ташкилотлар билан ўртамиздаги муносабатларимизни ҳам аниқ белгилаб бераяпти», — деди вазир.

У 29 йил деганда илк бор «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида"ги қонун ишлаб чиқилгани ва айнан шу каби муаммолар у орқали ҳал этилишини қўшимча қилди.

Аввалроқ, маданият вазири Сенатнинг 11 ялпи мажлисида маданият объектларининг бўш турган майдонларини тадбиркорларга ДХШ асосида фойдаланишга топширишга оид Ҳукумат қарори ишлаб чиқилгани ва Вазирлар Маҳкамасига киритилганини ҳам таъкидлаган эди.