8 январь куни Озодбек Назарбеков АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида 2019 йилда маданий мерос объектлари ўтказилган хатловда қатор камчилик ва хатоларга йўл қўйилганини маълум қилди.

«2019 йилда маҳаллий ҳокимиятлар ва ҳудудлардаги маданий мерос департаментлари ходимлари ҳамкорликда хатловдан ўтказган. Икки йил олдин хатловдан ўтказилган бўлсада, лекин айрим рўйхатда турган маданий мерос объектларини ўзи йўқ. Яъни, бизни қадамимиз етиб бора олмаётган бир вазиятда, ҳудуд ҳокимиятлари томонидан кўр-кўрона рўйхат беришлар ёки 20 йил олдинги рўйхатини сандиғидан олиб, бизга шуни тақдим қилган ҳолатлар келиб чиқяпти. Яъни, бизда рўйхатда турибди, лекин аслида ўша объект ўзи аллақачон йўқ ёки умуман бир тепалик бўлган», — деди Назарбеков.

Маданият вазири маданият объектлари қайта хатловдан ўтказилиб, ҳар бир объектни паспорти ва кадастри шакллантирилиши қўшимча қилди. Таъкидланишича, бош вазир топшириғи билан алоҳида портал яратилади ва унда объектларнинг доимий рўйхати кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади.

Аввалроқ, «Газета.uz» Маданият вазири маҳаллий ҳокимиятлар 32 та маданият объектини балансига ўтказиб, сотиб юборганини таъкидлагани ҳақида ёзган эди. бундан ташқари, маданият объектларининг бўш турган майдонлари тадбиркорларга берилиши ҳам қайд этилган эди.