Адлия вазирлиги 6 январь куни Америка нодавлат нотижорат ташкилоти Winrock International — Винрок халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институтининг Ўзбекистондаги филиалини рўйхатдан ўтказди.

«Филиалнинг асосий мақсад ва вазифалари — овқатланиш ва ижтимоий-иқтисодий фаровонликни яхшилашга, озиқ-овқат, тола ва ёқилғиги, шу жумладан чорвачилик, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тарқатиш ҳамда табиий ресурсларни бошқаришни такомиллаштиришга кўмаклашишдир», — дейилади Адлия вазирлиги маълумотномасида.

Шунингдек, филиал Америка Қўшма Штатлари Халқаро Ривожланиш Агентлиги (USAID) томонидан молиялаштириладиган «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» (SMICA, 2019−2024) лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашади. Ушбу лойиҳа бюджети 2,34 млн долларни ташкил этади.

Лойиҳа Ўзбекистонда одам савдосининг олдини олиш, омон қолганларни ҳимоя қилиш, хавфсиз миграцияга кўмаклашиш, хавф остида бўлган аҳоли қатламининг одам савдосининг барча шаклларига нисбатан заифлигини камайтириш, одам савдоси жабрланувчиларига ёрдам бериш ва аниқлаш усулларини ривожлантиришга қаратилган.

Winrock веб-сайти маълумотига кўра, ташкилот қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит ва ижтимоий ривожланиш соҳаларида 140 дан ортиқ лойиҳаларни 46 дан зиёд мамлакат миқёсида амалга оширади.

Аввалроқ, ташкилот Ўзбекистонда фаолият юритган эди. 2006 йилга келиб, Тошкент судининг қарори билан «ваколатхона фаолияти эълон қилинган устав вазифаларига мос келмаганлиги» учун ёпилган.